Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида хизмат интизоми ва қонунчилик бузилишининг олдини олишга бағишланган йиғилиш ўтказилди
2025-11-19 17:00:00 / Янгиликлар

Бу мавзуда Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал майор Даврон Назармуҳаммедов сўзга чиқди. Нотиқ бурч ва вазифаларга масъулиятсизлик билан ёндашиш, коррупция, муомала маданиятига амал қилмаслик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби салбий ҳолатлар учраётганини афсус билан таъкидлади.
Йиғилишда шахсий таркибда соғлом муҳитни шакллантириш, тартиб-интизомни мустаҳкамлаш, ёш ходимларни тарбиялаш, фаолиятида камчиликлар кузатилаётган соҳа вакиллари устидан назоратни кучайтириш чораларини кўришга оид тавсиялар билдирилди. Ушбу жараёнда намунали фаолият юритаётган, коррупцион омилларни бартараф этишда ташаббус кўрсатиб, пора таклиф қилган шахслар ҳақида хабар берган ходимларга миннатдорчилик билдирилди. Таъкидлаш жоиз, ўтган ўн ой давомида Жиззах вилоятида 18 та ҳолатда ходимларга пора таклиф қилган шахслар аниқланиб, чора кўрилган.
Бироқ Жиззах вилояти ички ишлар органлари сафида ҳам хизмат вазифасига панжа ортидан қараб, белгиланган вазифаларни бажаришда сусткашликларга йўл қўяётганлар, қонунга зид хатти-ҳаракатларга қўл ураётганлар борлиги ҳам таъкидланди. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида соҳа вакилларининг 195 нафарига интизомий чоралар кўрилган. 3 нафари эса жиноий жавобгарликка тортилган. Мазкур ҳолат хизмат интизоми ва қонунчилик бузилишининг олдини олиш чораларини кучайтириш, коррупцион омилларни бартараф этишга қаратилган чоралар, тезкор ва профилактик тадбирларни кучайтирилишига сабаб бўлиши билдирилди.
Чунончи, ички ишлар органлари тизимини мансаб ваколатидан фойдаланиб, коррупцияга йўл қўяётган нопок кимсалардан тозалаш мақсадида мунтазам назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Худди шундай, хизмат интизоми ва қонунчилик бузилишини фавқулодда ҳолат сифатида баҳолаб, кескин чоралар кўриш ва шахсий таркиб ўртасида муҳокамалар ўтказиш белгилаб олинди.
Йиғилишда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳамда бир қатор масъуллар сўзга чиқди. Бу жараёнда интизомий кенгаш фаолиятини жонлантириш, аҳоли эътирозига сабаб бўлувчи омилларни бартараф қилиш масалалари кўриб чиқилди. Якунда хизмат интизоми ва қонунчилик бузилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб олинди.




