Жиноят муҳокамаси. Туртишсанг кўз чиқади
2025-11-19 08:25:00 / Янгиликлар

Халқимизнинг «Айтишсанг сўз, туртишсанг кўз чиқади» деган мақолини Зомин туманидаги «Мустақиллик» маҳалласида яшовчи эр-хотин И.А. ва У.Ж. билан содир бўлган воқеага нисбатан қўллаш мумкин. Эркакнинг фарзандига танбеҳ бериши, аёлнинг ҳовли теварагини девор билан ўрашига оид талабидан бошланган даҳанаки жанжал фожиа билан якунланди.
Аёл умр йўлдошини рўзғор ташвишларини бўйнига олмасликда айблаганида, бундан жаҳли чиққан И.А. ҳеч нарса қилмаслигини билдиради. Бунга жавобан аёл стол устидаги ошхона пичоғини жаҳл билан улоқтиради. Пичоқ эркакнинг чап кўкрагига санчилган. Шифохонада кўрсатилган муолажаларга қарамасдан жабрланувчи ҳаётдан кўз юмади.
Жиноят муҳокамаси кўнгилсизлик рўй берган маҳаллада ҳокимлик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъуллари, ҳудуд аҳолиси ва еттилик иштирокида уюштирилди. Йиғилишда профилактик тадбирларни тўғри ташкил қилиш, оилаларнинг ижтимоий ҳолатини ўрганиш ва келишмовчиликларни бартараф этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан фикрлар юритилди.
Шунингдек, туманда содир этилган жиноятлар маҳаллалар кесимида таҳлил қилиниб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъуллари ҳамда камчиликларга йўл қўяётган еттиликлар танқид остига олинди. Ўз навбатида, «қизил» тоифадаги аҳоли пунктларида криминоген вазиятни ўнглашга доир топшириқлар берилди. Оила ва қўшничиликка доир қадриятлар бардавомлигини таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича ҳам таклифлар билдирилди.
Алижон АБДУСАТТОРОВ, ўз мухбиримиз.
Жиззах вилояти.
