Самарқандда ИИВ ҳузуридаги Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти томонидан ташкил этилган II халқаро форум иш бошлади
2025-11-18 09:00:00 / Янгиликлар

Форумни Ўзбекистон Республикаси ИИВ вазири ўринбосари, полковник Ашропов Рамазон Ахматхўжаевич, вазир номидан очиб берди.
Мазкур форум Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Криминология соҳасида илмий-амалий тадқиқот ишларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2024 йил 15 январдаги ПҚ–22-сон қарорига мувофиқ ўтказилмоқда.
Форумда Венгрия, Қатар, Ҳиндистон, Хитой, Беларусь, Россия, Қозоғистон, Туркия, Тожикистон ва Қирғизистон мамлакатларининг полиция идоралари ва криминологик тадқиқот тузилмалари раҳбарлари, шунингдек, қатор нуфузли халқаро ташкилотлар иштирок этмоқда, жумладан:
• UNODC — БМТнинг Жиноят ва наркотиклар бўйича Марказий Осиё минтақавий бошқармаси;
• TIKA — Туркия Ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги;
• GIZ — Германия халқаро ҳамкорлик жамияти.
Шу билан бирга, тадбирда Россия Федерацияси ИИВнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбарлари ҳам иштирок этиб, ҳуқуқ-тартибот соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинмоқда.
Форум қатнашчиларига ИИВ томонидан Самарқанд шаҳридаги “Маҳалла еттилиги” иш фаолияти таништириш, ИИВнинг туризм хавфсизлигини таъминлаш ҳамда кибержиноятларга қарши курашиш бўлинмалари иш фаолияти ҳам таништирилади.
Форумнинг энг муҳим натижаларидан бири сифатида қатор давлатлар полиция ва тадқиқот тузилмалари билан ҳамкорликни тубдан кучайтиришга қаратилган ҳужжатлар тайёрланмоқда.
Хусусан, Венгрия, Ҳиндистон, Россия, Қатар, Туркия, Хитой, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон полиция идоралари ва криминология соҳасидаги тадқиқот ташкилотлари билан қуйидаги соҳалар бўйича келишувлар режалаштирилган:
• халқаро ҳамкорлик протоколларини имзолаш;
• жиноятчиликни чуқур ва комплекс ўрганишга қаратилган қўшма тадқиқотлар;
• минтақалар бўйича таҳдидларни баҳолаш ва хориждан кириб келиши мумкин бўлган жиноятлар юзасидан қўшма протоколлар;
• экспертларни ўқитиш, илмий-тадқиқот дастурлари ва ахборот алмашинувини йўлга қўйиш.
TIKA билан грант ва техник кўмак бўйича келишувлар:
Форум доирасида TIKA билан алоҳида учрашувлар ўтказилиб, Туркия томонидан:
• Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун грант маблағларини жалб қилиш;
• институт инфратузилмасини такомиллаштириш;
• замонавий криминологик лаборатория ва таҳлил технологияларини жорий этиш;
• қўшма ўқув дастурлари ва семинарларни молиялаштириш юзасидан келишувлар муҳокама қилинмоқда.
Шу билан бирга, икки томонлама халқаро ҳамкорлик ўрнатиш борасида:
- Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг Бутунроссия илмий-тадқиқот институти федерал давлат муассасаси;
- Россия Федерацияси Урал давлат юридик университети;
- Венгриянинг “Лудовика” Давлат хизмати университети Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар факультети;
- Туркия Миллий Полиция Академиялари билан меморандум имзоланиши кутилмоқда.
Шунингдек, Қатар Амирлиги билан ходимлар стажировкаси, Қатар ва Ўзбекистон жиноятчилигини ўзаро тадқиқ қилиш қўшма лойиҳалари ишга тушириш масаласи кун тартибига киритилган.
Форум якунида жиноятчиликни олдини олиш ва тадқиқ қилишда Ҳиндистон, Венгрия, Хитой, Беларусь, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатлари полицияси ҳамда тадқиқот ташкилотлари билан халқаро қўшма лойиҳалар ишга туширилиши режалаштирилмоқда.
Ушбу ташаббуслар келгусида криминологик тадқиқотларнинг илмий ва амалий самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Самарқандда ўтказилган мазкур форум жиноятчиликка қарши глобал курашда халқаро ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб бермоқда.
Тадбир илмий амалиёт, экспертлар тажрибаси ва амалий ҳамкорликнинг бирлашган платформаси сифатида юксак баҳоланмоқда.
Форум давом этмоқда.
ИИВ ҳузуридаги Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти









