Наманган вилоятида ахборот технологиялари йўналишида фаолият олиб бораётган ёшлар билан учрашув ўтказилди
2025-11-16 10:40:00 / Янгиликлар

Наманган давлат университетининг Янги Наманган шаҳарчасида жойлашган янги биносида ташкил этилган навбатдаги «Ҳоким ва ёшлар» учрашуви IT соҳада эришилаётган ютуқлар, кибермаданиятни шакллантириш ва унинг тарғиботи ҳамда келгусидаги вазифалар муҳокамасига бағишланди.
Учрашув давомида ахборот технологиялари йўналишида ўқиётган талабалар, ўқув марказларида фаолият юритаётган ёш мутахассислар, олий таълим муассасаларининг мустақил тадқиқотчилари IT соҳасини ривожлантириш, сунъий интеллект, рақамлаштириш бўйича ўз лойиҳалари, ғоялари ва илмий изланишлари юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Мулоқот давомида ёшлар томонидан билдирилган мурожаатларнинг аксариятига шу ернинг ўзида ечим топилди. Муддат талаб этадиган масалалар эса соҳа раҳбарларига тегишлилиги бўйича кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун топширилди.
Шунингдек, вилоят ИИБ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи томонидан ҳозирги кунда кенг тарқалаётган киберфирибгарлик турлари, уларнинг амалга оширилиш механизмлари, улардан ҳимояланишнинг амалий йўллари, шунингдек, аҳолида кибермаданиятни шакллантириш ҳамда мазкур йўналишда тарғибот-профилактика ишларини янада кучайтириш зарурати юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Маълумот учун, вилоятда сўнгги беш йил давомида IT йўналишида 12 та марказ фаолияти йўлга қўйилди, Наманган шаҳрида IT Паркнинг Наманган филиали ташкил этилди. Шунингдек, «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида вилоятда 480 минг нафар ёшлар ўқитилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати









