Наманганда кибермаданиятни юксалтириш ва рақамли иммунитетни шакллантиришга қаратилган профилактик тадбирлар ўтказилмоқда
2025-11-15 13:55:00 / Янгиликлар

“Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” доирасида Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари томонидан Тўрақўрғон туманида кенг кўламли тарғибот ва ўқув тадбирлари ўтказилмоқда. Жумладан, туман мактаб ва мактабгача таълим бўлими раҳбар ходимлари иштирокида киберхавфсизлик ва кибер таҳдидлардан ҳимояланишга қаратилган профилактик суҳбатлар ташкил этилди.
Тадбирлар давомида мутахассислар томонидан киберхавфсизликнинг долзарб жиҳатлари муҳокама қилиниб, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган APK форматдаги зарарли файллар, уларнинг смартфонлар ва шахсий маълумотларга салбий таъсири, шунингдек, интернетда кенг тарқалаётган фирибгарлик усуллари ҳақида батафсил тушунчалар берилди.
Шу билан бирга, Тўрақўрғон туманида маҳалла еттилиги вакиллари учун “Рақамли иммунитет”ни шакллантиришга қаратилган махсус ўқув семинари ҳам ташкил этилди. Семинарда Наманган вилояти ИИБ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари ва туман ҳокимлиги масъуллари иштирок этди.
Унда иштирокчиларга интернетдаги фирибгарликларни олдини олиш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, ижтимоий тармоқлардан хавфсиз фойдаланиш ҳамда рақамли саводхонликни ошириш бўйича муҳим бўлган амалий тавсиялар берилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати







