Наманган вилоятида аҳоли осойишталигини таъминлаш мақсадида тунги хизмат фаолияти кучайтирилмоқда
2025-11-13 11:30:00 / Янгиликлар

Шу доирада Наманган шаҳри, Янги Наманган ва Давлатобод туманлари ички ишлар бўлимлари шахсий таркиби билан ҳамкорликда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича кечки ва тунги навбатчиликлар ташкил этилмоқда.
Бошқарма раҳбарияти томонидан мазкур ҳудудларда хизматга жалб этилган ходимлар учун хизмат олди йўриқномалари ўтказилиб, уларга шахсий хавфсизлик ва хизмат интизомига қатъий амал қилиш, аҳоли тинчлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Бундан ташқари, Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси ҳамда вилоят куз–қиш ишчи гуруҳи фаолияти ўрганилиб, аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар юзасидан тезкор чоралар кўриш, мавсумий ҳолатни таҳлил қилиш ва муаммоларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, Янги Наманган туманида ўтказилган навбатдаги ўрганиш ишлари доирасида ички ишлар бўлими ходимларининг тунги фаолияти ва ижтимоий соҳа объектларидаги хизмат ҳолати таҳлил қилинди. “Гулистон”, “Беруний”, “Фурқат”, “Маʼнавият” ва “Мингчинор” маҳаллаларида хизмат бораётган ходимлар билан учрашув ўтказилиб, аҳоли осойишталигини таъминлаш, ҳаракат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, “Гулистон” маҳалласи профилактика инспекторлари ва хизматга жалб этилган ходимларнинг фаолияти ўрганилиб, жиноятчиликни олдини олишдаги ишлар таҳлил қилинди. Аниқланган камчиликлар бўйича тегишли кўрсатмалар берилиб, масъулиятли вазифалар юклатилди.
Бундан ташқари, туман электр таъминоти корхонасининг куз–қиш мавсумига тайёргарлик жараёни ҳам кўздан кечирилди. Омборлардаги мавжуд захира ва эҳтиёт қисмлар ҳолати ўрганилиб, мутахассисларга мавсумни беталофат ўтказиш, энергетик хавфсизликни таъминлаш ва фавқулодда ҳолатларга шай бўлиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Мазкур тадбирлар натижасида туман ва шаҳарлар миқёсида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш ҳамда аҳоли осойишталигини янада юқори даражада таъминлаш кўзда тутилган.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати









