Қашқадарё вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан Шаҳрисабз шаҳрида ўрганишлар олиб борилди
2025-11-12 11:20:00 / Янгиликлар

Ўрганишлар жараёни шаҳар марказидаги “Ипак йўли” банки филиалидан бошланди. Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғи полковник Абдувохид Исмоилов бу ерда хизмат олиб бораётган қўриқлаш бўлими ходимлари билан мулоқот ўтказди. У банк биносининг ҳимоя тизими, сигнализация воситалари ва видеокузатув камераларининг ишлаш ҳолатини ўрганиб чиқди. Хавфсизлик чораларини янада кучайтириш, қўриқлаш воситаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, шунингдек, фавқулодда вазиятларда ходимларнинг ҳаракат алгоритмини такомиллаштириш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берди.
Шундан сўнг вилоят ИИБ бошлиғи Шаҳрисабз шаҳридаги “Зингирон” МФЙ ҳудудида жойлашган “Ҳуқуқ-тартибот маскани”да бўлиб, у ерда тунги хизматга жалб қилинган ходимлар фаолияти билан танишди. Маскандаги яратилган шароитлар, ходимлар учун мавжуд қулайликлар, видеокузатув тизими ва алоқа воситаларининг ишлаш ҳолатини ўрганди. Шунингдек, бошқарма бошлиғи Шаҳрисабз шаҳар “Кеш” МФЙ ҳудудида, марказдаги савдо мажмуаси ёнида тунги хизматга жалб қилинган ходимлар билан суҳбатлашди. Улар билан мулоқот чоғида ҳудудда хавфсизликни таъминлаш, савдо мажмуаси атрофига ўрнатилган видеокузатув камераларининг ишлаш ҳолатини доимий назоратда ушлаб туриш, шунингдек, қўриқлаш чоралари самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўрганиш якунида полковник Абдувохид Исмоилов ҳар бир хизмат жойида хавфсизликни таъминлаш, профилактик тадбирларни кучайтириш, жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда фуқаролар осойишталигини таъминлаш йўлида изчил фаолият олиб бориш зарурлигини таъкидлади, ҳамда хизматга жалб қилинган барча ходимларга ўз вазифаларини сидқидилдан бажариш, фуқаролар билан муомала маданиятига қатъий риоя қилиш бўйича аниқ топшириқлар берди.
Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати








