Сурхондарё вилоятида “Аралаш жанг санъатлари” (ММА) спорт тури бўйича вилоят ИИБ бошлиғи кубоги мусобақаси ташкил этилди
2025-11-12 11:05:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 8–9 ноябрь кунлари Сурхондарё вилоятида аралаш жанг санъатлари (ММА) бўйича 18–20 ёшли ҳамда 21 ёшдан катта ҳаваскор спортчилар ўртасида Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи -Аралаш жанг санъатлари федерацияси вилоят бўлим раиси кубоги мусобақаси бўлиб ўтди.
Беллашув вилоят ИИБ ҳамда Аралаш жанг санъатлари федерациясининг ҳамкорлигида юқори савияда ташкил этилди. Мусобақада 20 та вазн тоифасида вилоятнинг барча шаҳар-туманларидан келган ҳаваскор йигит-қизлар иштирок этиб, ўз маҳорат ва иродаларини намоён этишди.
Жанглар муросасиз ва қизғин тарзда кечди. Ҳар бир спортчи ғалаба учун астойдил кураш олиб борди, барча иштирокчилар юксак жисмоний тайёргарлик ва иродавий бардош билан ажралиб турди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндор спортчилар вилоят ИИБ раҳбарияти томонидан диплом, медаль ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.
Вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, подполковник Акмал Муратов тадбир қатнашчилари ва ғолибларни табриклар экан, шундай деди:
“Бугунги мусобақа нафақат спорт соҳасидаги ютуқлар, балки ёшларимиз орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, жасорат ва иродавий бардошни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.
Ички ишлар органларининг асосий мақсадларидан бири — жисмоний ва маънавий баркамол авлодни тарбиялашдир. Бугун майдонда намоён бўлган жасорат ва бирдамлик ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилади.”
Тадбир якунида иштирокчиларга федерациянинг ҳудудий бўлим раҳбарияти ва ташкилотчилар томонидан миннатдорлик билдирилди.
Ушбу мусобақа вилоятимизда спортни оммалаштириш, ёшлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш ва уларнинг жисмоний тайёргарлигини янада юксалтиришга хизмат қилди.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати









