Ота изидан. Фахрдир, шарафдир ватанга хизмат
2025-11-11 23:00:00 / Янгиликлар

Донишмандлардан бири шундай ёзган эди: «Болаларда Ватанга муҳаббат уйғотишнинг энг яхши воситаси оталарнинг Ватанни севишларидир».
Дарҳақиқат, аксар оилаларда ўғил болалар ота касбига ҳавас билан улғайишади. Чунки оталар ўзлари билмаган ҳолда фарзандлари қалбида севган касбларига муҳаббат уйғотади.
Отам Закир Кушенов ички ишлар органларида узоқ йиллар хизмат қилган истеъфодаги катта сержант. Унга ҳавас қилиб, шу соҳани танлаганман, — дейди капитан Бауржан Кушенов. — Отам мен учун идеал инсон.
Мен ҳар доим унингдек бўлишга интиламан, унга ўхшагим келади. Тарбия борасида кези келганда қаттиққўл ва талабчан бўлган. Мактабда яхши ўқишимизни доим назорат қилиб борарди. Китоб ўқишни яхши кўради. Отамнинг Ватанга садоқати, муҳаббати кучли. Танлаган касбимда ҳам у кишига ўхшасам, дейман.
Бауржан Кушенов ички ишлар органларидаги хизмат фаолиятини 2014 йили Метрополитенда хавфсизликни таъминлаш бошқармасида бошлаган.
Айни пайтда Сергели тумани ИИО ФМБ Пробация болими бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимида хизмат қилиб келмоқда.
Ички ишлар органлари тизимида Ватанни севувчи ўғиллар, ўғилларига ҳар жиҳатдан ўрнак бўладиган оталар кўпайсин, деймиз.
Зотан, шарафли ёлни танлаганлар ҳеч қачон кам бўлмайди.
©️ “Postda” газетаси, Адолат Файзиева, Тошкент шаҳри.
