Ички ишлар вазирлиги масъул ходимлари томонидан Наманган вилоятида «Психология соҳасида замонавий ёндашувлар ва тажрибалар алмашинуви» мавзусида конференция ташкил этилди
2025-11-11 09:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлиги масъул ходимлари ҳамда Наманган вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати психологик таъминлаш гуруҳи мутахассис-психологлари томонидан фуқаролар, ходимлар ва ҳарбий хизматчиларни ахлоқий-руҳий қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорлик «Меморандуми» талабларининг ижросини таъминлаш, замонавий психологияда юзага келаётган муаммоларга ечим топиш ҳамда ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш мақсадида «Психология соҳасида замонавий ёндашувлар ва тажрибалар алмашинуви» мавзусида конференция ташкил этилди.
Унда Наманган вилоятида фаолият юритаётган бир қатор ҳамкор ташкилотлар – Наманган давлат университети профессор-ўқитувчилари ва психология йўналиши бўйича таҳсил олаётган талабалар, вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг амалиётчи психологлари, Наманган вилояти ИИБ ва унинг ҳудудий бўлинмаларида хизмат қилаётган инспектор-психологлар ҳамда ИИВ Наманган академик лицейи амалиётчи психологлари иштирок этишди.
Тадбир давомида иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда маъруза, спорт эстафетаси ва тренинг машғулотларида қатнашдилар.
Бундан ташқари, «Полиграф» аппаратининг тақдимоти ташкил этилиб, унинг ишлаш принципи, қўллаш усуллари, шакллари ва техник имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Конференция якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар олишди.
Шунингдек, тадбирда фаол иштирок этганлар Наманган вилояти ИИБ раҳбариятининг ташаккурномалари билан тақдирландилар.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати









