Юксак мукофот соҳиблари. Чинакам мардлик намунаси
2025-11-10 13:15:00 / Янгиликлар

Маълум бўлишича, келишмовчилик туфайли аёл кичик фарзандини олиб кетмоқчи бўлганида эри жанжал кўтариб, турмуш ўртоғига ўлдириш билан таҳдид қилади.
Жаҳлга берилган эр уни муросага чақирган маҳалла раисига қўлидаги ошхона пичоғи билан ўқталиб, фарзандини олиб уйига кирган вақтда капитан И.Ҳусанов унинг қўлидаги пичоқни тортиб олмоқчи бўлди. Лекин талотўпда жанжалкаш эркак профилактика инспекторига пичоқ билан жароҳат етказади. Шунга қарамай, капитан уни зарарсизлантиради.
- Бундай ҳолатларда тезкор қарор қабул қилиш муҳим аҳамиятга эга, — дейди капитан Илёс Ҳусанов ўша воқеани эсларкан. — Бир сония кечиксам, натижа бошқача бўлиши мумкин эди. Ўша куни мен шунчаки ўз вазифамни бажардим.
- Илёснинг жасорати чинакам мардлик намуна бўлди, — дея суҳбатга қўшилади профилактика катта инспектори, майор Ойбек Абдуқодиров. — Унинг касбига бўлган садоқати, мардлиги ва қатъияти ҳар бир ходим учун ибратдир.
Ички ишлар органларида 13 йилдан буён хизмат қилаётган капитан асли қамашилик. Илк хизмат фаолиятини вилоят ИИБ ҳузуридаги ЖИЭБ жазони ижро этиш колониясида бошлади. Бу ерда маҳкумларни тарбиялаш, уларни ҳалол меҳнатга жалб этиш борасида устози, сержант Учқун Бобоноровдан касб сирларини ўрганди. Бошлаган ишини тугатмасдан қўймаслик, берилган топшириқларни бекам-кўст бажариши билан эътибор қозонди.
Орадан беш йил ўтиб, Ғузор тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ профилактика инспектори лавозимига ўтган лавҳамиз қаҳрамони профилактика катта инспектори, подполковник Жаҳонгир Умировдан соҳанинг ўзига маълум бўлмаган қирраларини ўзлаштирди.
Айни пайтда Қамаши туманидаги «Қоратепа» маҳалласида хизмат қилаётган капитан Илёс Ҳусанов еттиликнинг бошқа аъзолари билан ҳамкорликда муқаддам судланганлар, пробация назоратидаги шахслар, майда безориликка қўл урган, ичкиликбозликка берилган фуқаролар билан мунтазам профилактик ишларни амалга ошириши натижасида улар томонидан жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.
Эл-юрт осойишталиги, фуқаролар хавфсизлиги йўлида қилинган хизмат ҳеч қачон эътибордан четда қолмаган. Президентимизнинг жорий йил 24 октябрдаги фармонига биноан, профилактика инспектори, капитан Илёс Ҳусанов «Мардлик» ордени билан тақдирланди.
— Бу мукофотни нафақат менга, балки вилоят ички ишлар органлари ходимларининг хизматига берилган баҳо деб биламан, — дейди капитан Илёс Ҳусанов. — Эл осойишталиги, юрт тинчлиги учун бундан кейин ҳам бор куч ва билимимни ишга солиб хизмат қиламан, керак бўлса, ҳаётимни бағишлайман.
Содиқ Раҳимов, ўз мухбиримиз. «Постда»
Қашқадарё вилояти
