Соҳа фидойилари. Хайрли ишларга бош-қош
2025-11-08 23:00:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизнинг шимолий дарвозаси — Қўнғирот тумани Ўзбекистондаги ер майдони жиҳатидан энг катта туман ҳисобланади.
Айтиш жоизки, умумий жиноятчилик ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25,4 фоизга, жиноят қидирув йўналишида 28,8 фоизга, олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар 34 фоизга камайди. Ҳудудда қотиллик, босқинчилик, талончилик ва автотранспорт воситаларини олиб қочиш жиноятлари содир этилишига йўл қўйилмади. Фирибгарлик, енгил тан жароҳати етказиш, безорилик, қасддан баданга ўртача оғир тан жароҳати етказиш жиноятлари сони камайди. Жиноят содир этгани учун қидирувда бўлган 18 нафар шахс қўлга олинди.
Жойларда профилактик тадбирларнинг тўғри йўлга қўйилгани, шунингдек, «маҳалла-туман» тамойили асосида қатор давлат ташкилотлари ҳамда маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар самараси ўлароқ, тумандаги мавжуд 39 та овул ва маҳалланинг 27 таси «яшил» тоифага киритилган.
Айни пайтда «қизил» тоифа сифатида қайд этилган «Қўнғирот» овул фуқаролар йиғинида профилактик тадбирлар ва патруль-пост хизмати кучайтириляпти.
Пробация гуруҳи ҳисобида бўлган шахсларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши учун уларга ҳар томонлама кўмаклашиляпти. Хусусан, йил давомида мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда 12 маротаба меҳнат ярмаркаси ташкил этилиб, 50 нафардан ортиқ мазкур тоифадаги шахсларга ишга жойлашиши учун йўлланмалар берилди.
Албатта, туман миқёсида амалга оширилган ижобий ишларга яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Бундай ижобий натижаларнинг қўлга киритилишида «Энг яхши ҳудудий ички ишлар органи бошлиғи» кўрик-танловининг якуний босқичида 2-ўринни эгаллаган подполковник Пўлат Искандеровнинг ҳиссаси катта, албатта.
Ҳамон ёдимда, 1998 йили мен учун ҳаётимда туб ўзгариш содир бўлганди. Ўша пайтлари «Арал» футбол жамоаси таркибида мусобақаларда иштирок этардим.
Бир гал ИИВ Академияси жамоасига қарши тўп сурдик. Ўйинни кузатиб ўтирганлар орасида Академиянинг Кадрлар бошқармаси бошлиғи, генерал майор Ж.Камолхўжаев ҳам бор экан.
Ўйин тугаганидан сўнг у мени ёнига чақириб, жуда яхши ўйинчи эканлигимни таъкидлаб, Академияга ўқишга киришимни маслаҳат берди, — дея хотирлайди у.
Кутилмаган бу таклифдан руҳланиб кетган лавҳамиз қаҳрамони ИИВ Академиясига ўқишга кирди, уни тугатганидан сўнг дастлабки хизмат фаолиятини Тошкент шаҳар Миробод тумани ИИБ ҲООБ таянч пункти профилактика инспектори лавозимида, кейинчалик Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар органлари тизимида давом эттирди.
Қораўзак тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, Шуманай, Хўжайли туманлари ИИБ бошлиғи лавозимларида самарали хизмат олиб борди.
Айтиш жоизки, Пўлат Искендеровнинг бундай даражага эришишида устозлари — генерал-майор Мақсет Бабаниязов, полковниклар Айтбай Темирханов, Саламат Мадреймов, Аманбай Оринбаев, подполковниклар Усар Турсунов, Жалолиддин Мирзаевнинг ҳиссалари беқиёс бўлди.
©️ “Postda” газетаси, Азамат Пирниязов, Қорақалпоғистон Республикаси.
