Жиззах вилоятида “Тозалик ва озодалик ойлиги” доирасидаги ишлар муҳокама қилинди
2025-11-08 09:00:00 / Янгиликлар

Жиззах вилояти ҳокимлигида “Тозалик ва озодалик ойлиги” доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан видеоселектор тарзида йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда экологик назоратни кучайтириш, ҳудудларда ободлик ва санитар тозаликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда маиший чиқиндиларни йиғиш ва улардан тозалаш ишларини самарали ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда вилоят ҳудудида чиқинди соҳасини такомиллаштириш, чиқиндиларни йиғиш, ташиш ва қайта ишлаш тизимини ривожлантириш, шунингдек аҳолининг фаол иштирокини таъминлаш орқали санитар тозалик ва ободонлаштириш ишларини тизимли йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи иштирок этиб, белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш, қонунийликка қатъий риоя қилиш ҳамда соҳадаги қонунбузарликларга чек қўйиш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, тегишли идора ва ташкилотларга аҳоли яшайдиган ҳудудларда тозаликни таъминлаш, санитария қоидаларига амал қилиниши устидан назоратни кучайтириш ва жавобгарлик чораларини кўриш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилишда сўз олган Жиззах вилояти ИИБ раҳбарияти вилоят ҳудудида экологик тартиб-интизомни таъминлаш, фуқароларда атроф-муҳитга эътиборли муносабатни шакллантириш ҳамда маиший чиқиндиларни ташлаш қоидаларига амал қилиш маданиятини ошириш бўйича кенг қамровли тушунтириш ишларини ташкил этиш зарурлигини қайд этди.
Шу билан бирга, профилактика инспекторларига маҳаллаларда жамоатчилик билан ҳамкорликда тозалик тадбирларини ташкил этиш ва фуқароларни фаол жалб этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Йиғилиш якунида “Тозалик ва озодалик ойлиги” доирасида амалга ошириладиган ишлар бўйича масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
Ҳар бир туман ва шаҳар кесимида белгиланган чора-тадбирлар ижросини қатъий назоратга олиш, аҳоли учун соғлом ва тоза муҳит яратиш ҳамда атроф-муҳит муҳофазаси борасида тизимли ишлар олиб бориш зарурлиги таъкидланди.
Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати






