Давлат мулкини хусусийлаштириш соҳаси такомиллаштирилмоқда
2025-11-01 12:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 31 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 11-ялпи мажлисида “Давлат мулкини хусусийлаштириш соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун маъқулланди.
Қонун билан 2 та кодекс ва 12 та қонунларга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Жумладан:
- давлат мулки ва ер участкаларини хусусийлаштириш ҳамда ижарага бериш бўйича тузилган шартномалар доирасида юзага келадиган низоларни медиация тартиб-таомили асосида ҳал этиш;
- давлат акция пакетлари хорижий инвесторларга “Тошкент” РФБ савдолари орқали хорижий валютада ҳам сотилиши ва улар бўйича тўловларни шартномада белгиланган валютада амалга ошириш;
- маҳаллий ҳокимият органларининг муниципал мулк бўлган давлат мулкини хусусийлаштириш соҳасида ваколатларини кенгайтириш;
- давлат кўчмас мулкини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олган харидорлар томонидан ер ва мол-мулк солиқлари ушбу объектлар учун тўланган маблағларга пропорционал равишда тўлаш;
- махсус иқтисодий ва саноат зоналари бош режасига мувофиқ мазкур зоналар инфратузилма билан таъминлангандан ва давлат қабул комиссияси томонидан қабул қилингандан сўнг, улар ҳудудидаги ер участкаларини аукцион савдоларига чиқариш ҳамда инвесторларга инфратузилма билан таъминлаш ишларини амалга оширишга рухсат бериш, кейинчалик ушбу харажатлар саноат зоналарининг маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартибларини жорий этиш белгиланмоқда.
Ушбу Қонун мамлакатимизда жозибадор инвестиция муҳитини яратишга, тадбиркорлик субъектлари учун солиқ юкининг камайишига, давлат мулкини хусусийлаштириш жарaёнларини соддалаштириш ва жадаллаштиришга, хусусий мулкчиликни кенгайтириш орқали иқтисодий ўсишни таъминлашга хизмат қилади.
