“Uz truck and Bus Motors” МЧЖ ҚК устав капиталдаги 34,2 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш бўйича келишувга эришилди
2025-07-07 17:53:00 / Янгиликлар

Тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, “Uz Truck and Bus Motors” МЧЖ ҚК (кейинги ўринларда – Қўшма корхона) устав капиталидаги 34,2 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш бўйича очиқ савдо жараёнларининг якуний – Мажбуриятга эга бўлган таклифлар (Binding Offers/ BO)ни тақдим этиш босқичи якунланди.
Таъкидлаш жоизки, Қўшма корхонанинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган хорижий иштирокчиларнинг (ҳар бири 32,9% улушга эга бўлган хорижий шериклар – MAN Truck & Bus SE, Германия ва Sinotruk, Хитой) барча ҳуқуқ ва имтиёзлари тўлиқ ҳисобга олинган ҳолда, мазкур савдо жараёни жорий йил 10 март куни бошланган.
Хусусийлаштириш жараёнини самарали ташкил этиш мақсадида етакчи молиявий консультант сифатида “Portfolio Investments” компанияси, мустақил баҳолаш ишларини амалга ошириш учун эса “Холис эксперт” МЧЖ жалб этилди.
Аввал маълум қилинганидек, савдо жараёни уч босқичда амалга оширилди:
- Cотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (“Expression of Interest”/ EoI);
- Мажбуриятга эга бўлмаган таклифларни қабул қилиш (“Non-Binding Offers”/ NBO);
- Мажбуриятга эга бўлган таклифларни қабул қилиш (“Binding Offers”/ BO).
Жараёнда 5 нафар талабгор иштирок этди. Мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO)ни тақдим этиш босқичида барча талабгорларга Қўшма корхонанинг due diligence ҳисоботлари билан танишиш имконияти яратилди.
Белгиланган муддатларда талабгорлар томонидан тақдим этилган таклифлар асосида, 200 млрд сўм миқдорида энг юқори харид қийматини таклиф этган “Turon Industrial Investment” МЧЖ савдо ғолиби сифатида эътироф этилди.
Савдо ғолиби томонидан таъсис ҳужжатларида белгиланган мажбуриятларни қабул қилиш ва Қўшма корхона фаолиятини камида 5 йил сақлаб қолиш ҳамда Қўшма корхонанинг ривожлантириш каби асосий шартларни ўз ичига олган Савдонинг асосий шартлари бўйича битим (Term Sheet) қабул қилинган.
Таклиф этилган харид баҳоси молиявий консультант томонидан аниқланган индикатив нарх диапазонининг юқори қисмида жойлашган ва мустақил баҳоловчи томонидан баҳоланган қийматдан юқори.
“Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонунининг 31-моддасига мувофиқ, харидор сотиб олиш тўловининг дастлабки 35 фоизини 1 ой муддатда амалга оширади.
Мазкур жараён натижалари Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш давлат комиссиясининг тегишли қарори билан маъқулланган.
Шунингдек, хусусийлаштириш натижалари ва янги инвестор тўғрисидаги маълумотлар Қўшма корхонадаги хорижий иштирокчилари — MAN Truck & Bus SE (Германия) ва Sinotruk (Гонконг)га расмий равишда 2025 йил 4 июль куни етказилган.
Давлат активлари агентлиги мазкур савдо жараёнларида иштирок этган барча томонларга ўз миннатдорчилигини билдиради, шунингдек, якуний босқичда иштирок этган талабгорларга Консультант томонидан унинг натижаси бўйича индивидуал хабарномалар юборилади.
Маълумот учун: “Turon Industrial Investment” МЧЖ – 2018 йилдан автомобил воситаларини улгуржи савдоси билан шуғулланувчи, устав фонди 115,1 млрд сўм ва йиллик айланмаси 345,0 млрд сўм бўлган “йирик” таснифидаги компания. Савдо-саноат палатаси рейтингида BB (71) барқарорлик даражасига эга.
