“Avto Climate Control” МЧЖнинг очиқ савдо жараёнлари юзасидан ахборот
2025-05-20 12:30:00 / Янгиликлар

Давлат активлари агентлигининг жорий йил 24 апрелдаги эълонига мувофиқ, “Avto Climate Control” МЧЖ устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини (кейинги ўринларда – “Актив”) очиқ савдо жараёнларининг Мажбуриятга эга бўлмаган таклифлар (NBO) қабул қилиш босқичи бошланган.
“Portfolio Investments” компанияси (кейинги ўринларда – “Консультант”) мазкур хусусийлаштириш жараёнларини халқаро тажриба асосида амалга ошириш мақсадида Давлат активлари агентлигининг хусусийлаштириш бўйича консультанти сифатида жалб қилинган.
Аввал маълум қилинганидек, хусусийлаштириш жараёнларида келгусидаги ўз иштирокини тасдиқлаш учун, талабгорларга Консультант томонидан Активни сотиб олиш ва унинг келгусидаги фаолияти бўйича асосий шартлар акс эттирилган “савдонинг асосий шартлари бўйича Битим” (Term sheet) етказилган ва Мажбуриятга эга бўлмаган таклифлар (NBO) қабул қилинган. Шунингдек, савдо жараёнларига янада кўпроқ салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш мақсадида, Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Expression of Interest) бўйича аризаларни қабул қилиш ишлари параллел равишда давом эттирилган.
Натижада, Консультантга белгиланган муддатларда 4 нафар инвесторлар томонидан Мажбуриятга эга бўлмаган таклифлар (NBO) келиб тушган.
Консультант томонидан инвесторлар таклифлари савдо жараёнининг ушбу босқичида белгиланган талабларга мувофиқлиги бўйича ўрганилган ҳамда унинг тавсиясига асосан барча талабгорлар савдо жараёнларининг навбатдаги Мажбуриятга эга бўлган таклифларни (BO) қабул қилиш босқичига ўтказилди.
Шунингдек, Консультант томонидан барча талабгорларга жараён хати “Process letter” орқали навбатдаги босқич тўғрисида батафсил маълумот етказилади.
Навбатдаги босқич тўғрисида маълумот:
Мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO) босқичига ўтган талабгорларга Консультант томонидан тайёрланган Активнинг молиявий, солиқ, ҳуқуқий ва экологик комплекс таҳлилий ҳисоботлари (due diligence) билан танишиш учун виртуал маълумотлар хонаси (VDR)га кириш имконияти яратилади. Бундан ташқари, иштирокчилар бевосита Активга ташриф буюриш ва уларнинг бошқарув органи билан учрашиш имкониятига эга бўладилар.
Консультант томонидан барча иштирокчиларга юқоридаги комплекс таҳлил ҳисоботлари билан танишишлари учун етарли имконият яратиш мақсадида, Мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO) 2025 йил 20 июнь соат 23:59 га қадар (Тошкент вақти билан) қабул қилинади.
Шу билан бирга, мазкур муддатга қадар талабгорлар томонидан “E-auksion” электрон савдо платформасида очиладиган шахсий кабинетлари орқали Мажбуриятга эга бўлган таклифларининг камида 1 фоизини кафолатли тўлов (закалат) сифатида ўтказиш талаб этилади. Бунда, мазкур кафолат тўлови (закалат) жараён якунида иштирокчиларга қайтарилади, хусусийлаштириш жараёни ғолиби бўлган талабгорнинг кафолат тўлови (закалати) – сотиб олиш тўловининг бир қисми сифатида Хусусийлаштириш жамғармасига ўтказилади.
Шунингдек, мазкур босқичда талабгорлар томонидан тақдим этилаётган қатъий нарх таклифлари бўйича тўлов қобилиятини тасдиқловчи ҳужжатлар ва/ёки кафолатлар талаб этилади.
“E-auksion” электрон савдо платформасида очиладиган шахсий кабинет ва ҳисоб-рақам кўрсаткичлари Консультант томонидан иштирокчиларга юбориладиган жараён тўғрисидаги индивидуал хат (Process Letter) орқали етказилади.
Давактив агентлиги хусусийлаштириш жараёнига қизиқиш билдирган ва аризалар топширган барча иштирокчиларга миннатдорчилик билдиради ҳамда Мажбуриятга эга бўлмаган таклифлар (NBO) қабул қилиш босқичидан муваффақиятли ўтган талабгорлар билан жараённинг навбатдаги босқичида конструктив ҳамкорликка ишонч билдиради.
Дисклеймер
Ушбу эълон ёки унинг мазмунининг бирон-бир қисми мазкур эълон чоп этилишидан келиб чиқиб тахмин қилиниши мумкин бўлган Давлат активлари агентлиги ва “Portfolio Investments”нинг Активларни сотиш билан боғлиқ бирор-бир шаклдаги мажбурияти сифатида талқин қилинмаслиги керак. Давлат активлари агентлиги ва “Portfolio Investments” ўз хоҳишига кўра ҳар қандай вақтда ва ҳар қандай муносабатда, биргаликдаги ёки шахсий жавобгарликни ўз зиммаларига олмасдан:
(i) аризалар бериш муддатига ўзгартириш киритиш;
(ii) савдо жараёнларининг босқичлари бўйича ўзгартириш киритиш;
(iii) турли хил манфаатдор томонлар учун турли хил тартиб-қоидалар бўйича иш тутиш ва/ёки Давлат активлари агентлиги ва “Portfolio Investments” томонидан кўзда тутилган режа-жадвал ва тартиб доирасида исталган бошқа потенциал харидорни (харидорларни) олдиндан огоҳлантирмасдан чиқариб ташлаган ҳолда бир ёки бир нечта потенциал харидорлар билан музокаралар олиб бориш;
(iv) ҳар қандай сабабга кўра сотиш жараёнини тўхтатиш;
(v) ва/ёки исталган вақтда ва сабабларни тушунтирмасдан Савдога тааллуқли бўлган ҳар қандай потенциал харидор (харидорлар) билан ҳар қандай муҳокама ва музокараларни тугатиш ҳуқуқларини ўзида сақлаб қолади.
Давлат активлари агентлиги сотиш жараёнининг кетма-кетлигини ўзгартириш ёки иштирокчилар ва потенциал харидорга (харидорларга) сотишни ёки сабабларини тушунтирмасдан исталган вақтда улар билан музокара олиб боришни рад этиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
