Давактив агентлигида 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган тадбир ўтказилди
2025-03-07 18:05:00 / Янгиликлар

Жамиятнинг маданият даражаси, маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади. Энг гўзал ойнинг энг нафис байрами — хотин-қизларга эҳтиром кўрсатиш анъанаси йил сайин умумдавлат аҳамиятига эга бўлиб, юқори мақом даражасига кўтарилмоқда.
Ўз ўрнида, Давлат активларини бошқариш агентлигида ҳам 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган байрам тадбири ташкил қилинди.
Бугунги кунда Давактив тизимида ўнлаб опа-сингилларимиз меҳнат қилиб келишмоқда. Уларнинг самарали фаолият юритишлари, муттасил ўз устида ишлаб, малака оширишлари ва илғор хориж тажрибаларини ўзлаштиришлари учун барча шароитлар яратилган.
Халқимизнинг буюк тарихида ўзининг жасорат ва матонати, ақл-заковати, нафосат ва назокати билан ўчмас ном қолдирган Тўмарис, Бибихоним, Гулбаданбегим, Зебунисо, Нодира, Увайсий, Анбар Отин ва бошқа юзлаб аёлларимизни ҳамиша эҳтиром билан тилга оламиз. Аёлларга бўлган чексиз ҳурмат-эҳтиромимизнинг яна бир сабаби шундаки, аёл аввало ҳар бир инсоннинг бешигини тебратадиган, унинг юрагига одамийлик фазилатларини сингдирадиган, уни ҳаёт бўронларидан асраб-авайлайдиган фидоий инсондир.
Тадбирда сўзга чиққанлар Давактив агентлиги тизими аёлларини мазкур гўзал айём билан табриклаб, уларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, баҳорий кайфият ҳамроҳ бўлишини тилаб қолдилар ҳамда эсдалик совғаларни топширдилар.