"Uzsungwoo" МЧЖ, "Avto Climate Control" МЧЖ ва "Uz truck and Bus Motors" МЧЖларни очиқ савдо жараёнлари бошланганлиги тўғрисида эълон
2025-03-10 19:25:00 / Янгиликлар

Тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Давактив агентлиги “Uzsungwoo” МЧЖ устав капиталидаги 50 фоиз, “Avto Climate Control” МЧЖ устав капиталидаги 100 фоиз ҳамда “Uz truck and Bus Motors” МЧЖ устав капиталидаги 34,2 фоиз давлат улушларини (кейинги ўринларда – Активлар) очиқ савдо жараёнлари бошланганлигини эълон қилади.
“Portfolio Investments” компанияси (кейинги ўринларда – Консультант) ушбу Битимлар бўйича соҳавий ёндашувга кўра Давактив агентлигининг хусусийлаштириш бўйича маслаҳатчиси ҳисобланади.
Активлар тўғрисида қисқача маълумот:
“UZSUNGWOO” МЧЖ — автомобил саноати учун штамплаш ва пайвандлаш технологиялари асосида металл қисмлар ишлаб чиқарувчи етакчи корхоналардан бири бўлиб, 2011 йили “Ўзавтосаноат” АЖ ва Жанубий Кореянинг Sungwoo Hitech Co Ltd. ҳамда I-Zone Co Ltd. компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этилган. Ишлаб чиқариш майдони 60 500 кв.м бўлиб, 1000 дан ортиқ ходим ишлайди, йиллик қуввати эса 120 минг тўпламни ташкил этади. 2022 йилда заводда Марказий Осиё ва МДҲ минтақасида ягона бўлган иссиқ штамплаш технологияси жорий этилди. Бугунги кунда компания Chevrolet Cobalt, Gentra, Tracker ва Onix моделлари учун эҳтиёт қисмлар етказиб беради ҳамда халқаро IATF 16949 сифат стандартларига мувофиқ ишлаб чиқариш жараёнларини йўлга қўйган.
- Устав фонди: 14 млн АҚШ доллари;
- Жамиятнинг расмий веб-сайти: www.uzsungwoo.uz
- Корхона манзили: Фарғона вилояти, Фарғона шаҳри, Аэропорт кўчаси, 68-уй
“Avto Climate Control” МЧЖ - 2010 йилда “Ўзавтосаноат” АЖ ва Жанубий Кореянинг ERAE CS LIMITED (Жанубий Корея) компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, асосий фаолияти автомобиллар учун иситиш ва совитиш тизимларини ишлаб чиқаришдан иборат.
- Устав фонди: 12 592,9 млн сўм;
- Жамиятнинг расмий веб-сайти: www.uzcc.uz
- Корхона манзили: Андижон вилояти, Андижон шаҳри, Бобур шоҳ кўчаси, 73а-уй
“Uz truck and Bus Motors” МЧЖ — 2009 йилда ташкил этилган бўлиб, Марказий Осиё минтақасида MAN ва HOWO (Sinotruk) брендлари остида юк машиналари ва йўловчи техникасини ишлаб чиқарувчи корхона ҳисобланади. Юк машиналарининг модель қатори 60 дан ортиқ турдаги транспорт воситаларини ўз ичига олади, жумладан, тягачлар, автосамосваллар, фургонлар, махсус техника, юк кўтариш қуввати 5 тоннадан 70 тоннагача бўлган юк машиналари, шунингдек, шаҳар ва шаҳарлараро автобуслар.
- Устав фонди: 32,8 млн евро;
- Жамиятнинг расмий веб-сайти: www.uztbm.uz
- Корхона манзили: Самарқанд вилояти, Жомбой тумани, Тошкент кўчаси, 2-уй
Сотиш жараёнлари тўғрисида:
Сотиш жараёнлари барча манфаатдор томонлар (кейинги ўринларда – Иштирокчилар) учун очиқ бўлган музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш усули асосида ташкил этилади.
Савдо жараёнлари ҳар бир актив бўйича алоҳида-алоҳида икки босқичда амалга оширилади, жумладан сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Expression of Interest) ҳамда Мажбуриятга эга бўлган таклиф (BO) тақдим этиш босқичлари, якуний босқичда талабгорлар томонидан таклиф этиладиган қатъий нарх таклифининг камида 1 фоизини кафолатли тўлов сифатида амалга оширилиши белгиланади.
Сотиш жараёнларининг мазкур босқичи тўғрисида:
Иштирокчилардан қуйидаги маълумотлар билан сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризаларини (Expression of Interest) тақдим этишлари сўралади:
- Иштирокчи тўғрисида қисқача маълумот (шу жумладан, СТИР, фаолият тури);
- Иштирокчи устав капиталида 5 фоиздан ортиқ улуши мавжуд акциядорлар/таъсисчилар (эгалик улуши кўрсатилган ҳолда) ва якуний бенефициарлар тўғрисида маълумотлар;
- Охирги 3 йилги фаолияти бўйича молиявий ҳисоботи.
Талабгорлар қизиқиш билдириши тўғрисидаги аризаларини ҳар бир Актив бўйича алоҳида хоҳишларига кўра ўзбек, рус ёки инглиз тилларида тайёрлаб 2025 йил 15 апрель соат 23:59га (Тошкент вақти билан) қадар munir.yakubov@piamg.uz электрон почта манзилига юборишлари лозим.
Ушбу савдо босқичи доирасида, Консультант томонидан потенциал инвесторларни жалб қилиш мақсадида инвестиция тизерларини тарқатиш ишлари амалга оширилади.
Қабул қилинган аризалар қуйидаги мезонлар бўйича сараланади:
-
Активни сотиб олиш учун молиявий ресурсларининг етарлилиги;
-
Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг акциядорлари/иштирокчиларининг ҳеч бири давлат компанияси ёки устав капиталида давлат улуши бўлган компания бўлмаслиги;
-
хусусийлаштириш жараёнида иштирок этилишини тақиқлаши мумкин бўлган маъмурий, ҳакамлик ёки бошқа суд жараёнларининг йўқлиги;
-
Ўзбекистон Республикасининг 660-II-сонли “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни талабларига риоя этилиши;
-
Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири Европа Иттифоқи ва АҚШнинг, шунингдек йирик халқаро молия институтларининг (Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки) санкциялари рўйхатига киритилмаган бўлиши лозим. Шу билан бирга, ариза топширилган санада талабгорлар санкцияланган шахс/(лар) ёки юқорида айтиб ўтилган санкция органлари томонидан ҳар қандай иш ёки тергов объекти/(лар) бўлмаслиги керак. Шунингдек, талабгорлар (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири юқорида айтиб ўтилган муассасалар ва давлатларнинг санкциялар режимига зид бўлган ҳар қандай фаолиятга (тўғридан-тўғри ёки бирон бир шуъба корхонаси орқали) жалб этилмаган бўлишлари лозим ва Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири), шунингдек унинг тегишли шахсларидан бирортасининг асосий молиялаштирувчи томонлари ёки кредиторлари санкциядаги шахслар ёки санкциядаги шахсларга тегишли бўлган ёки улар томонидан эгалик ва назорат қилинадиган банклар ёки молия институтлари бўлмаслиги лозим.
Аризаларни қабул қилиш жараёни тугаллангандан сўнг, Консультант томонидан иштирокчиларга тегишли хат (Process Letter) орқали кейинги жараённи ташкил этиш тўғрисида индивидуал равишда хабардор қилинади.
“UZSUNGWOO” МЧЖ ва “Avto Climate Control” МЧЖларни сотиб олишга қўйиладиган шартлар:
- Корхоналарнинг асосий фаолият турини активлар олди-сотди шартномаси рўйхатдан ўтгандан сўнг 10 (ўн) йилдан кам бўлмаган муддат давомида сақлаб қолиш, ушбу муддат давомида маҳсулотларнинг лицензиати бўлган “General Motors” компанияси томонидан тасдиқланган етказиб берувчи билан техник қўллаб-қувватлаш бўйича лицензия келишувларига ва “General Motors” технологиялари билан боғлиқ технологик жиҳозлардан фойдаланиш юзасидаги Бош Альянс келишувида ўрнатилган талаблар ва тегишли чекловларга қатъий риоя қилиш.
- Шунингдек, 2 йил мобайнида Корхонада мавжуд иш ўринларини ва ишчилар сонини сақлаб қолиш (табиий сабаблар билан бўшайдиган иш ўринлари бундан мустасно), амалдаги иш ҳақи фонди миқдорини камайтирмаслик ва жамоа шартномаси шартларини ёмонлаштирмаслик.
Ўз навбатида, барча Активлар бўйича Мажбуриятга эга бўлган таклиф (BO) босқичига ўтган талабгорлар билан мажбуриятга эга бўлган таклифларни тақдим этишларидан олдин битим шартлари (Term sheet) тўғрисидаги Келишув имзоланиши мумкин.
Қўшимча маълумотлар учун қуйидаги алоқа каналларига мурожаат қилинг:
- Мунир Якубов, “Portfolio Investments” компанияси директори: munir.yakubov@piamg.uz, tel. +998(90) 901-65-59;
- Талат Самандаров, Давактив агентлиги Бошқарма бошлиғи: tender@davaktiv.uz, tel. +998(71)259-20-67.
Кейинги, Мажбуриятга эга бўлган таклиф (BO) таклифларни қабул қилиш босқичига ўтган талабгорлар билан Ахборотни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (NDA) имзоланади ҳамда Консультант томонидан тайёрланган Активлар фаолияти тўғрисида маълумот ва таҳлилий маълумотлар (Due-diligence) билан танишиш учун виртуал маълумотлар хонасига (VDR) кириш, Активларга ташриф буюрган ҳолда унинг бошқарув органига саволлар бериш имконияти яратилади.
Давактив агентлиги хусусийлаштириш жараёнларининг ҳар бир босқичи тўғрисида жамоатчиликни қўшимча тарзда хабардор қилиб борилишини таъминлайди.
Дисклеймер
Давактив агентлиги сотиш жараёнининг кетма-кетлигини ўзгартириш ёки потенциал харидорга (харидорларга) сотишни ёки сабабларини тушунтирмасдан исталган вақтда улар билан музокара олиб боришни рад этиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
Ушбу эълон ёки унинг мазмунининг бирон-бир қисми мазкур эълон чоп этилишидан келиб чиқиб тахмин қилиниши мумкин бўлган Давактив агентлиги, “Portfolio Investments” ва Активларни сотиш билан боғлиқ бирор-бир шаклдаги мажбурияти сифатида талқин қилинмаслиги керак. Давактив агентлиги ва “Portfolio Investments” ўз хоҳишига кўра ҳар қандай вақтда ва ҳар қандай ҳолатда, биргаликдаги ёки шахсий жавобгарликни ўз зиммаларига олмасдан:
(i) аризалар бериш муддатига ўзгартириш киритиш;
(ii) турли хил манфаатдор шахслар учун турли хил тартиб-қоидалар бўйича иш тутиш ва/ёки Давактив агентлиги ва “Portfolio Investments” томонидан кўзда тутилган режа-жадвал ва тартиб доирасида исталган бошқа потенциал харидорни (харидорларни) олдиндан огоҳлантирмасдан чиқариб ташлаган ҳолда бир ёки бир нечта потенциал харидорлар билан музокаралар олиб бориш;
(iii) ҳар қандай сабабга кўра сотиш жараёнини тўхтатиш;
(iv) исталган вақтда ва сабабларни тушунтирмасдан Битимга тааллуқли бўлган ҳар қандай потенциал харидор (харидорлар) билан ҳар қандай муҳокама ва музокараларни тугатиш ҳуқуқларини ўзида сақлаб қолади