«Долзарб 40 кун» дастури доирасида Амударё, Кейгели ва Бўзатов туманларида манзилли ўрганишлар олиб борилди
2026-07-31 17:50:00 / Янгиликлар

Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган «Долзарб 40 кун» дастури доирасида 29-30 июль кунлари Давлат активлари агентлиги масъуллари иштирокида туманнинг оғир тоифадаги «Жумиртов» ШФЙ ва «Жумировул» МФЙда амалга оширилаётган ишлар ўрганилди. Ташриф давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолати, «Оғир маҳалла» дастури доирасида ажратилган 3 млрд сўм маблағларнинг мақсадли сарфланиши ҳамда ичимлик суви ва суғориш тармоқларини барпо этиш ишлари кўздан кечирилди.


Шунингдек, «Жилуанжап» маҳалласида реестрга киритилган фуқаро Эсмурзаев Адилбекнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи ўрганилиб, хонадон том қисмини таъмирлаш зарурлиги аниқланди. Ҳомийлик маблағлари ҳисобидан уй томи шифер билан қопланиб, оиланинг яшаш шароитини яхшилашга амалий кўмак кўрсатилди. Фуқарога тадбиркорликни йўлга қўйиш, касб-ҳунар эгаллаш ҳамда имтиёзли кредит ва субсидиялардан фойдаланиш бўйича тушунтиришлар берилди.


«Бўзатов» МФЙда эса реестрга киритилган фуқаро Жейиенбаев Элбурусга ажратилган 23 млн сўмлик ссуда ҳисобидан 1 бош соғин сигир, сутни қайта ишлаш учун зарур воситалар харид қилингани ўрганилди. Ушбу қўллаб-қувватлаш натижасида фуқаронинг ўзини ўзи банд қилиши ҳамда оиласининг доимий даромад манбаини шакллантириш учун шароит яратилди.

«Долзарб 40 кун» дастури доирасида амалга оширилаётган манзилли ўрганишлар аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш, бандликни таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини жадаллаштиришга хизмат қилмоқда.
