Давлат активларини бошқариш соҳасида Германия билан ҳамкорлик ривожлантирилади
2026-07-09 09:00:00 / Янгиликлар

Давлат активларини бошқариш агентлиги, Германия Федерал кўчмас мулк институти (BImA) ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) вакиллари иштирокида давлат кўчмас мулкини бошқариш ва ундан самарали фойдаланиш масалаларига бағишланган онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида давлат кўчмас мулкини бошқаришнинг замонавий ёндашувлари, давлат активларини бозор тамойиллари асосида реализация қилиш, улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, соҳага рақамли ечимларни жорий этиш ҳамда ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар ўзаро ҳамкорликни изчил йўлга қўйиш бўйича келишувга эришиб, Агентлик мутахассислари учун BImA экспертлари иштирокида онлайн ўқув семинарларини ташкил этиш, Германия делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида тажриба алмашиш ва истиқболдаги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш, шунингдек, Агентлик делегациясининг Германияга хизмат сафарини ташкил этиш орқали BImA фаолияти ҳамда давлат кўчмас мулкини бошқариш, баҳолаш, реализация қилиш ва ундан самарали фойдаланиш механизмларини амалий жиҳатдан ўрганишга келишиб олдилар.

Мазкур ҳамкорлик GIZнинг грант маблағлари доирасида амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, давлат активларини бошқариш соҳасида институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш, халқаро илғор тажрибаларни жорий этиш ҳамда мутахассисларнинг касбий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
