V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида халқаро молия институтлари ва стратегик инвесторлар билан натижадор учрашувлар ўтказилди
2026-06-22 17:10:00 / Янгиликлар

V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан мамлакатнинг хусусийлаштириш дастурини халқаро миқёсда илгари суриш, стратегик инвесторлар доирасини кенгайтириш ҳамда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, форум доирасида АҚШ, Хитой, Европа, Форс кўрфази давлатлари ва бошқа қатор мамлакатларнинг етакчи инвестиция банклари, молиявий ва консалтинг компаниялари, йирик саноат гуруҳлари ҳамда стратегик инвесторлар билан 15 дан ортиқ юқори даражадаги икки томонлама учрашувлар ташкил этилди.

Жумладан, АҚШ Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (DFC), Rothschild & Co, Morgan Stanley, Gibson Dunn, ACWA Power, Coca-Cola İçecek, Orica, XCMG, CNH Industrial, McKim and Company, Alvarez & Marsal ҳамда бошқа нуфузли компаниялар вакиллари билан музокаралар ўтказилди.


Учрашувлар давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ва навбатдаги босқичларда режалаштирилган хусусийлаштириш дастурларида халқаро стратегик инвесторлар иштирокини кенгайтириш, давлат активларини халқаро капитал бозорларида фаол тарғиб қилиш, маркетинг ва инвесторлар билан манзилли ишлаш механизмларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.


Музокаралар якунлари бўйича йирик халқаро молия институтлари ва стратегик инвесторларнинг хусусийлаштириш жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш, истиқболли битимлар учун инвестицион ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда давлат активларини трансформация қилиш ва хусусий секторга самарали ўтказиш бўйича устувор ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг хусусийлаштириш дастурини халқаро инвестиция ҳамжамиятида кенг тарғиб этиш, потенциал инвесторлар билан манзилли ва тизимли ишлаш ҳамда янги стратегик ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди. Мазкур учрашувлар мамлакатга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимини кўпайтириш, хусусийлаштириш жараёнларининг очиқлиги ва рақобатбардошлигини таъминлаш ҳамда давлат активларини бозор тамойиллари асосида самарали бошқариш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттиришга хизмат қилади.



