Тошкент халқаро инвестиция форумида хусусийлаштириш ва капитал бозорларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
2026-06-18 17:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 16–18 июнь кунлари бўлиб ўтган V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида “Давлат активларини сотиш ва капитал бозорларини ривожлантириш: ривожланаётган иқтисодиётлар тажрибаси” мавзусидаги панель сессия бўлиб ўтди. Унда Давлат активларини бошқариш агентлиги директори ўринбосари Алишер Миралиев, халқаро молия институтлари, инвестиция компаниялари, консалтинг ташкилотлари ҳамда бизнес ҳамжамияти вакиллари иштирок этди.

Панель сессия давомида давлат активларини хусусийлаштириш, капитал бозорларини ривожлантириш, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда халқаро инвестицияларни жалб этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Муҳокамалар давомида халқаро экспертлар томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ва хусусийлаштириш жараёнларига юқори баҳо берилди.
Жумладан:
- Жиованни Салветти, Rothschild & Co компаниясининг МДҲ минтақаси бўйича раҳбари ва ҳамкори, мамлакатда инвесторлар учун шакллантирилган очиқ ва рақобатбардош муҳитни эътироф этди ҳамда хусусийлаштириш дастурининг халқаро инвестиция бозорларида юқори қизиқиш уйғотаётганини таъкидлади;
- Томер Пинкусевич, Gibson Dunn компанияси ҳамкори, Ўзбекистон бозорига халқаро инвесторлар қизиқиши изчил ортиб бораётганини қайд этиб, иқтисодий ислоҳотларнинг ҳозирги суръатини сақлаб қолиш ва давлат иштирокини қисқартириш сиёсатини изчил давом эттириш муҳимлигини таъкидлади;
- Евгений Гайсев, Morgan Stanley компаниясининг Европа, Яқин Шарқ ва Африка (EMEA) минтақаси бўйича ижрочи директори, мамлакатда инвестиция муҳитининг очиқлиги ва ислоҳотларни амалга оширишдаги шаффоф ёндашувни алоҳида эътироф этди.

Ўз нутқида А.Миралиев мамлакатимизда давлат активларини хусусийлаштириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, инвесторлар учун яратилган ҳуқуқий кафолатлар ҳамда эришилган натижалар ҳақида маълумот берди.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда хусусийлаштириш жараёнларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2021–2025 йиллар давомида қиймати 5,3 млрд АҚШ долларига тенг давлат активлари реализация қилиниб, шундан 1,2 млрд АҚШ долларлик активлар хорижий инвесторларга сотилди. Мазкур даврда хусусийлаштирилган активлар негизида 1 млрд АҚШ долларидан ортиқ инвестициялар жалб этилиб, 37 мингта янги иш ўрни яратилди.

Панель сессия давлат активларини бошқариш ва хусусийлаштириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни халқаро ҳамжамият вакилларига тақдим этиш ҳамда ушбу йўналишдаги амалий тажриба алмашувини кенгайтиришга хизмат қилди.
