Хитой ва Гонконг ишбилармонлари билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда
2026-06-05 14:00:00 / Янгиликлар

Хитой Халқ Республикаси Сянган (Гонконг) махсус маъмурий ҳудуди Администрацияси раҳбари жаноб Ли Цзячао бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида Давлат активларини бошқариш агентлигида Гонконгнинг етакчи бизнес ва инвестиция доиралари вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда қуйидаги нуфузли компания ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди:
- Дорис Лиан — Гонконг Хитой Активларни Бошқариш Ассоциацияси раиси;
- Ванг Йонгсин — Гонконг Кема эгалари ассоциацияси вице-раиси;
- доктор Вингко Ло Кам Винг — Гонконг Хитой Ишлаб чиқарувчилар ассоциацияси президенти;
- Лю Чао — Bank of China (Hong Kong) Limited Глобал корпоратив банк департаменти бош менежери;
- Клифф Чжанг — Templewater Hong Kong Limited компанияси бош ижрочи директори ва асосчи ҳамкори;
- Эйвери Цзя — Bosera Asset Management (International) Co., Limited маҳсулот ва стратегик режалаштириш бўйича менеджери;
- доктор Юйфэн Ван — Templewater Hong Kong Limited ҳамкори ва технология венчур ўсиш йўналиши раҳбари.

Музокаралар давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, давлат иштирокини қисқартириш, давлат активларини самарали бошқариш ҳамда хусусийлаштириш жараёнларининг жорий ҳолати ва истиқболлари ҳақида атрофлича маълумот тақдим этилди.
Хусусан, меҳмонларга мамлакатимизда инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, хусусийлаштириш дастурлари доирасида таклиф этилаётган активлар ҳамда давлат мулки объектларини реализация қилишда қўлланилаётган очиқ ва шаффоф механизмлар ҳақида тақдимот ўтказилди.
Учрашув иштирокчилари томонидан Ўзбекистон иқтисодиётининг жадал ривожланиши, хорижий инвестициялар учун яратилаётган қулай муҳит ва кенг кўламли хусусийлаштириш дастурларига юқори қизиқиш билдирилди. Айниқса, давлат активларини сотиш жараёнларида қўлланилаётган “E-auksion” электрон савдо платформасининг очиқлик, рақобат ва тенг имкониятларни таъминлашга қаратилган механизми меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Шу муносабат билан делегация вакиллари томонидан мазкур платформа орқали савдоларда иштирок этиш тартиби, хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар ҳамда амалий механизмлар юзасидан қатор саволлар берилди ва батафсил фикр алмашилди.
Учрашув якунида Гонконгнинг етакчи бизнес уюшмалари ва ассоциациялари орқали уларнинг 10 мингдан ортиқ аъзолари учун Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнлари ва “E-auksion” электрон платформаси имкониятларига бағишланган алоҳида тақдимотлар ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Томонлар хусусийлаштириш жараёнларида хорижий инвесторлар иштирокини кенгайтириш ва ўзаро ахборот алмашинувини ривожлантириш мақсадида институционал ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидладилар. Шунингдек, яқин истиқболда Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда Гонконгнинг тегишли бизнес ва инвестиция ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик муносабатларини расмийлаштириш бўйича келишув ҳужжатини имзолашга келишиб олинди.
