Давлат активларини бошқариш агентлигида фавқулодда вазиятлар ва ёнғин хавфсизлиги бўйича назарий ҳамда амалий машғулотлар ўтказилди
2026-06-03 18:35:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Фуқаро муҳофазаси бошлиғининг 2026 йил 27 январдаги 1-сон буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида Давлат активларини бошқариш агентлигида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, улар содир бўлганда тўғри ҳаракат қилиш, оқибатларини бартараф этиш ҳамда табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, шунингдек ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масалаларига бағишланган назарий ва амалий машғулотлар ташкил этилди.
Тадбир Миробод тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими профилактика катта инспектори, майор Абидов Азиз Собирович бошчилигида ўтказилди.

Машғулотлар давомида ходимларга фавқулодда вазиятларнинг турлари, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва оқибатлари, ёнғин содир бўлганда ҳаракатланиш тартиби, эвакуация қоидалари, бирламчи ёнғин ўчириш воситаларидан фойдаланиш ҳамда жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича тушунтиришлар берилди.
Амалий қисмда ходимлар фавқулодда вазият юзага келганда тезкор ва тўғри ҳаракат қилиш, бинодан хавфсиз эвакуация қилиш ҳамда ёнғин ўчириш мосламаларидан фойдаланиш кўникмаларини мустаҳкамладилар.
Мазкур тадбирнинг асосий мақсади ходимларнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлик даражасини ошириш, ёнғин ва бошқа хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича билим ҳамда амалий кўникмаларини мустаҳкамлашдан иборат бўлди.


Тадбир якунида иштирокчилар томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди ҳамда фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш бўйича тавсиялар тақдим этилди.

