Ўзбекистон ва Германия давлат активларини бошқариш соҳасида стратегик ҳамкорлик кенгайтирилмоқда
2026-05-20 09:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 18 май куни “Ўзбекистонда Германия иқтисодиёти куни” конференцияси доирасида Давлат активлари агентлиги директори ҳамда Германия Федератив Республикаси Федерал транспорт вазирлигининг транспорт ва инфратузилма соҳасидаги давлат корхоналарида давлат улушлари ва акцияларини бошқариш дирекцияси раҳбари доктор Андреас Керст бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан транспорт ва инфратузилма соҳасидаги давлат корхоналарининг фаолият самарадорлигини ошириш, уларни рақамлаштириш, бошқарув тизимларини модернизация қилиш ҳамда мазкур тармоқларда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш бўйича Германия тажрибасини ўрганиш ва амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, учрашув давомида аэропортларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, аэропорт инфратузилмасини замонавий бошқарув механизмлари асосида ривожлантириш, автомобиль саноати йўналишида маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар давлат активларини бошқариш тизимида фаолият юритаётган мутахассис ва масъул ходимлар салоҳиятини ошириш, уларни Германиянинг етакчи ташкилотлари ва компанияларида тажриба алмашиш дастурларига юбориш, малака ошириш ҳамда институционал ҳамкорликни ривожлантириш йўналишларида ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашув якунида томонлар келгусида экспертлар даражасида мунтазам мулоқотларни давом эттириш, тажриба алмашиш ҳамда истиқболли қўшма ташаббусларни амалга оширишга келишиб олдилар.
