“Ўзагросуғурта” АЖ устав капиталидаги давлат улушининг хусусийлаштириш жараёнлари “Тошкент” Республика фонд биржасида давом эттирилади
2026-05-15 10:00:00 / Янгиликлар

Аввал хабар берилганидек, тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, “Ўзагросуғурта” АЖ (кейинги ўринларда – “Эмитент”) устав капиталидаги 99,47 фоиз давлат улушини (кейинги ўринларда – “Акция пакети”) хусусийлаштириш белгиланган.
Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш давлат комиссиясининг тегишли қарорига асосан Акция пакетининг савдо жараёнлари “Тошкент” Республика фонд биржасининг МҚҚМП Nego савдо платформасида (кейинги ўринларда – “Савдо платформаси”) сотувчининг инвестиция воситачиси “Mulk-Sarmoya Brokerlik Uyi” АЖ орқали амалга оширилади.
Эмитент тўғрисида қисқача маълумот:
“Ўзагросуғурта” АЖ – Ўзбекистондаги йирик суғурта компаниялардан бири бўлиб, суғурта соҳасининг барча 17 та класси бўйича юридик ва жисмоний шахсларга 100 дан ортиқ суғурта хизматларини Республика бўйлаб 1000 нафарга яқин суғурта агентлари орқали тақдим этади.
Актив, Moody’s Investors Service халқаро рейтинг агентлигининг “Ва3” - ўртача даражадаги ҳамда барқарор молиявий ҳолатини акс эттирадиган кредит рейтингига эга бўлиб, 2025 йил якунига кўра компаниянинг суғурта мукофотлари 132,5 млрд сўмни ташкил этган.
- Савдога чиқарилаётган акцияларнинг эмитент устав фондидаги фоизи – 99,47 фоиз;
- Активнинг бошланғич нархи – 197 516 353 714,0 (бир юз тўқсон етти миллиард беш юз ўн олти миллион уч юз эллик уч минг етти юз ўн тўрт) сўм;
- Бир дона акциянинг бошланғич нархи – 5 977,70 (беш минг тўққиз юз етмиш етти) сўм 70 тийин;
- Савдо ташкилотчиси – “Тошкент РФБ” АЖ;
- Лотлар сони – 1 (бир) та;
Эмитент ҳақидаги барча маълумотлар, жумладан молиявий-иқтисодий кўрсаткичлар тўғрисидаги маълумотлар билан эмитентнинг расмий веб саҳифаси https://agros.uz/uz/ ҳамда корпоратив ахборот ягона портали www.openinfo.uz саҳифаси орқали танишиш мумкин.
Битимни амалга ошириш жараёни:
Савдолар “Тошкент” РФБнинг махсус платформаси, СППЗ NEGO майдончасида 15.06.2026 йилдан бошланади (Тошкент РФБ савдоларидаги ҳавола).
Биржа битими энг юқори таклифни тақдим этган талабгор билан биржа қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.
Дисклеймер
Талабгорлар давлат акцияларининг сотувчиси ёки сотувчининг инвестиция воситачиси ҳамда эмитентдан давлат акцияларини сотиб олиш учун ўзи қарор қабул қилиши учун зарур бўлган қўшимча ахборотни сўраш ва олишга ҳақлидир, ўзининг хусусиятига кўра хизмат ёки тижорат сири ҳисобланган ахборот бундан мустасно.
