Амир Темур хотирасига юксак эҳтиром кўрсатилди
2026-04-09 12:25:00 / Янгиликлар

Шу кунларда Ватанимизда катта байрам, катта шодиёна – Амир Темур бобомизнинг 690 йиллиги кенг нишонланмоқда. Бу қутлуғ сана муносабати билан мамлакатимизда кўплаб маънавий-маърифий, илмий ва маданий тадбирлар ўтказилмоқда.
Амир Темур XIV асрда, ғоят мураккаб бир даврда юртимиз ҳудудида миллий давлатчиликни қайта тиклаб, Ватан озодлиги йўлида улкан жасорат кўрсатган буюк тарихий шахсдир. У асос солган қудратли салтанат жаҳон цивилизацияси тарихида ўчмас из қолдирган. Соҳибқироннинг ҳаёти ва фаолияти салкам етти асрдан буён дунё олимлари томонидан катта қизиқиш билан ўрганиб келинмоқда. Турли мамлакатларда Амир Темур ва темурийларга бағишлаб минглаб бадиий, илмий ва санъат асарлари яратилгани, бу ишлар бугун ҳам давом этаётгани унинг тарихий сиймоси ва мероси нечоғлиқ беқиёс эканидан далолат беради.
Халқимиз муқаддас юртимиз заминидан шундай улуғ зот етишиб чиққани билан доимо фахрланиб, ғурурланиб яшайди. Айниқса, бугунги кунда – Янги Ўзбекистон шароитида Амир Темур ва темурийлар тарихи ва меросини чуқур ўрганиш ҳар қачонгидан ҳам катта аҳамият касб этмоқда. Бу шонли сулола томонидан яратилган темурийлар Ренессанси мамлакатимизда янги Уйғониш даври пойдеворини яратишда халқимиз учун ишонч, илҳом ва куч-ғайрат манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.
Амир Темурнинг “Куч – адолатда”, “Адолат билан жаҳон гулшани обод бўлади” деган доно ўгитлари бугун юртимизда ижтимоий давлат барпо этиш, инсон қадрини улуғлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларда ўзига хос дастур ва амалий қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда. Шу маънода, Соҳибқирон мероси нафақат халқимизнинг шонли ўтмиши, балки бугунги тараққиётимиз ва келажак мақсадларимиз билан ҳам узвий боғлиқдир.
Давлат активларини бошқариш агентлиги жамоаси 9 апрель куни Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонида бўлиб ўтган тантанали тадбирда иштирок этишди.
Тадбирда давлат идоралари вакиллари, илм-фан ва маданият намояндалари ҳамда ёшлар билан биргаликда Соҳибқирон хотирасига ҳурмат бажо келтирилди. Ҳайкал пойига гулчамбар қўйилиб, буюк аждодимизнинг бой мероси яна бир бор ёдга олинди.
Шунингдек, тадбир иштирокчилари Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюриб, тарихимизнинг бебаҳо саҳифалари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди.
Буюк аждодларимиз мероси – биз учун илҳом ва фахр манбаи!
