Давлат активлари агентлигида Халқаро валюта жамғармаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
2026-04-02 10:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 1 апрель куни Давлат активларини бошқариш агентлигида Халқаро валюта жамғармасининг Ўзбекистондаги миссияси раҳбари Яссер Абдиҳ бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида сўнгги йилларда Ўзбекистонда хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, шунингдек, давлат иштирокидаги корхоналарни самарали бошқариш борасида амалга оширилган ислоҳотлар ҳамда истиқболдаги устувор йўналишлар муҳокама қилинди.

Томонлар ушбу йўналишда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, эришилган амалий натижалар ҳамда давлат иштирокидаги корхоналарини халқаро молиявий ҳисобот стандартларига (IFRS) босқичма-босқич ўтказиш жараёнларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, 2030 йилга қадар давлат иштирокидаги корхоналарни босқичма-босқич хусусийлаштириш орқали иқтисодиётда давлат улушини сезиларли даражада қисқартириш, хусусан, уни 85 фоизгача камайтириш бўйича белгиланган мақсадлар юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув якунида Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган “2026–2030 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш ва хусусийлаштириш” стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳамда стратегияни янада такомиллаштириш ва уни келгусида амлиётга тадбиқ қилиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
