Давлат мулкини хусусийлаштириш соҳаси такомиллаштирилди
2026-03-18 11:35:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 17 март куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат мулкини хусусийлаштириш соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1122-сон Қонуни қабул қилинди.
Мазкур Қонун билан давлат мулкини ва ер участкаларини хусусийлаштириш ҳамда ижарага бериш механизмларини такомиллаштириш орқали хусусий тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча имкониятлар яратишга қаратилган бир қатор ислоҳотлар жорий этилиши белгиланмоқда. Жумладан:
- давлат мулки ва ер участкаларини хусусийлаштириш ҳамда ижарага бериш бўйича тузилган шартномалар доирасида юзага келадиган низоларни медиация тартиб-таомили асосида ҳал этилади;
- давлат акция пакетлари хорижий инвесторларга “Тошкент” РФБ савдолари орқали хорижий валютада ҳам сотилиши ва улар бўйича тўловларни шартномада белгиланган валютада амалга оширилади;
- маҳаллий ҳокимият органларининг муниципал мулк бўлган давлат мулкини хусусийлаштириш соҳасида ваколатларини кенгайтирилмоқда;
- давлат кўчмас мулкини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олган харидорлар томонидан ер ва мол-мулк солиқлари ушбу объектлар учун тўланган маблағларга пропорционал равишда тўлаш тизими жорий этилмоқда;
- махсус иқтисодий ва саноат зоналари бош режасига мувофиқ мазкур зоналар инфратузилма билан таъминлангандан ва давлат қабул комиссияси томонидан қабул қилингандан сўнг, улар ҳудудидаги ер участкаларини аукцион савдоларига чиқариш ҳамда инвесторларга инфратузилма билан таъминлаш ишларини амалга оширишга рухсат бериш, кейинчалик ушбу харажатлар саноат зоналарининг маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартиблари жорий этилмоқда;
- халқаро аҳамиятга молик автомобиль йўллари бўйида замонавий хизмат кўрсатиш мажмуаларини мастер-режа асосида жойлаштириш бўйича бўш турган ер участкаларини электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори асосида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг қарори Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда ер тоифасини бошқа тоифага ўзгартириш учун асос бўлиши белгиланмоқда.
Ушбу Қонун мамлакатимизда жозибадор инвестиция муҳитини яратишга, тадбиркорлик субъектлари учун солиқ юкининг камайишига, давлат мулкини хусусийлаштириш жарёнларини соддалаштириш ва жадаллаштиришга, хусусий мулкчиликни кенгайтириш орқали иқтисодий ўсишни таъминлашга хизмат қилади.
