“Шеробод цемент заводи” МЧЖ ва “Шарғункўмир” АЖларнинг очиқ савдо жараёнлари бошланди
2025-12-21 10:25:00 / Янгиликлар

Тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Давлат активлари агентлиги “Шеробод цемент заводи” МЧЖ устав капиталидаги 100 фоиз улуши ва “Шарғункўмир” АЖ устав капиталидаги 99,55 фоиз давлат акция пакетини (кейинги ўринларда умумий – Активлар) очиқ савдо жараёни бошланганини эълон қилади.
Хусусийлаштириш жараёни доирасида “Шеробод цемент заводи” МЧЖнинг ишлаб чиқариш жараёнида ёқилғи тизимини кўмир асосида ишлашга ўтказиш, барқарор ёқилғи таъминотини йўлга қўйиш мақсадида “Шарғункўмир” АЖ ягона лот сифатида хусусийлаштирилади.
Жараённи самарали ташкил этиш мақсадида “Alkes Research” МЧЖ хусусийлаштириш бўйича консультант сифатида жалб этилган.
“Шеробод цемент заводи” МЧЖ тўғрисида қисқача маълумот:
“Шеробод цемент заводи” МЧЖ — Ўзбекистондаги ҳозирда табиий газ ёқилғисида цемент ишлаб чиқарувчилардан бири.
- Сурхондарё вилояти, Шеробод туманида жойлашган;
- Корхонанинг қуввати – йилига 1,5 млн.тонна;
- Умумий ер майдони: 584,7 га (шундан, 84,0 гектар доимий фойдаланишдаги ер ва 500,7 гектар ер қаъри);
- Бино ва иншоотларнинг умумий майдони: 57,5 минг кв.м.;
“Шарғункўмир” АЖ тўғрисида қисқача маълумот:
“Шарғункўмир” АЖ — Сурхондарё вилоятидаги шахталарда ер ости ва очиқ усулда кўмир қазиб чиқаришга ихтисослашган, Ўзбекистондаги етакчи тошкўмир ишлаб чиқарувчи корхоналардан бири.
- Сурхондарё вилояти, Сариосиё туманида жойлашган;
- Коннинг умумий ер майдони: 39,7 га;
- Умумий ер майдони: 58 га
- Бино ва иншоотларнинг умумий майдони: 16,3 минг кв.м.;
- Корхонанинг қуввати – йилига 900 минг тонна;
- Амалдаги ишлаб чиқариш (2024) – 900 минг тонна;
- Исботланган заҳиралар:
- A+B+C1 – 31,5 млн тонна;
- C2 – 7,1 млн тонна.
- Кул миқдори 30% гача ва юқори калориялиликка эга CC маркали кўмир;
- Ўз темирйўл инфратузилмасига эга (12,5 км);
- Кўмирни қуруқ бойитиш заводи мавжуд;
- Оффтейк шартномалари таъминланган.
Савдо жараёни ҳақида:
Хусусийлаштириш жараёни маҳаллий ва халқаро иштирокчилар учун очиқ бўлиб, икки босқичда амалга оширилади:
- Cотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (EoI);
- Мажбуриятга эга бўлган таклифлар тақдим этиш (BO).
EoI босқичи талаблари:
Талабгорлар қуйидаги маълумотлар билан EoI аризаларини тақдим этишлари керак:
- Талабгор ҳақида қисқача маълумот (рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида маълумот, фаолият тури);
- Устав капиталида 5% ва ундан ортиқ улушга эга акциядорлар/иштирокчилар ва якуний бенефициарлар тўғрисида маълумот;
- Охирги 3 йил учун молиявий ҳисоботлар;
Хусусийлаштириш жараёни доирасида қуйидаги инвестицион мажбуриятлар белгиланган бўлиб, EoI аризаси таркибида талабгорлардан мазкур йўналишлар бўйича умумий ёндашув ва тайёрлик даражасини акс эттириши кутилмоқда:
- “Шеробод цемент заводи” МЧЖни кўмир ёқилғиси асосида ишлашга ўтказиш бўйича қайта жиҳозлаш;
- “Шарғункўмир” АЖда қазиб чиқариш қувватларини 2026 йил II ярим йиллигидан бошлаб 1 млн тоннага етказиш учун камида 20 млн АҚШ доллари тўғридан-тўғри инвестиция киритиш.
EoI аризалари талабгор хоҳишига кўра ўзбек, рус ёки инглиз тилларида тайёрланиб, 2026 йил 21 январь соат 23:59 га (Тошкент вақти билан) қадар info@alkes.co электрон манзилига юборилиши лозим.
Саралаш мезонлари:
- Активларни сотиб олиш учун молиявий ресурсларининг етарлилиги;
- хусусийлаштириш жараёнида иштирок этилишини тақиқлаши мумкин бўлган маъмурий, ҳакамлик ёки бошқа суд жараёнларининг йўқлиги;
- Ўзбекистон Республикасининг 660-II-сонли “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига риоя этилиши;
- Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ҳеч бири давлат компанияси эмаслиги;
- Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири Европа Иттифоқи ва АҚШнинг, шунингдек йирик халқаро молия институтларининг (Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки) санкциялари рўйхатига киритилмаган бўлиши. Шу билан бирга, ариза топширилган санада талабгорлар санкцияланган шахс(лар) ёки юқорида айтиб ўтилган санкция органлари томонидан ҳар қандай иш ёки тергов объекти(лари) бўлмаслиги, талабгорлар (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири юқорида айтиб ўтилган муассасалар ва давлатларнинг санкциялар режимига зид бўлган ҳар қандай фаолиятга (тўғридан-тўғри ёки бирон бир шўъба корхонаси орқали) жалб этилмаган бўлишлари ва Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири), шунингдек унинг тегишли шахсларидан бирортасининг асосий молиялаштирувчи томонлари ёки кредиторлари санкциядаги шахслар ёки санкциядаги шахсларга тегишли бўлган ёки улар томонидан эгалик ва назорат қилинадиган банклар ёки молия институтлари бўлмаслиги.
EoI босқичи якунлангач, навбатдаги босқичга ўтганлар рўйхати шакллантирилади ва Давлат активлари агентлиги томонидан мазкур босқич натижаси бўйича тегишли эълон берилади. Консультант томонидан қизиқиш билдирган барча талабгорларга Жараён хати (Process Letter) орқали жараён натижалари ва кейинги босқич тўғрисида индивидуал равишда хабардор қилинади.
Кейинги босқич бўйича қисқа маълумот:
Савдо жараёнининг якуний – Мажбуриятга эга бўлган (BO) таклифларни қабул қилиш босқичига ўтган иштирокчилар билан Ахборотни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (NDA) имзоланади ва мажбуриятга эга бўлган тижорат таклифларини тайёрлаш учун виртуал маълумотлар хонасига (VDR) кириш таъминланади ҳамда Консультант томонидан тайёрланган Активларнинг молиявий, солиқ ва юридик фаолияти бўйича комплекс таҳлилий ҳисоботлар (vendor due diligence)ни ўрганиш имкониятига эга бўлади.
Мажбуриятга эга таклифлар (BO)ни тақдим этишдан аввал Активларнинг фаолият соҳасининг ривожланиш стратегиясини инобатга олган ҳолда хусусийлаштирилиш ва келгуси фаолиятига қўйиладиган талабларга оид Савдонинг асосий шартлари бўйича Битим (Term Sheet) имзоланиши талаб этилади.
Шу билан бирга, иштирокчилар томонидан “E-auksion” электрон савдо платформасида очиладиган шахсий кабинетлари орқали Мажбуриятга эга бўлган таклифларининг камида 1 фоизини кафолатли тўлов (закалат) сифатида ўтказиш талаб этилади. Бунда, мазкур кафолат тўлови (закалат) жараён якунида иштирокчиларга қайтарилади, хусусийлаштириш жараёни ғолиби бўлган талабгорнинг кафолат тўлови (закалати) – сотиб олиш тўловининг бир қисми сифатида Хусусийлаштириш жамғармасига ўтказилади.
Ушбу эълон чоп этилгандан сўнг Консультант Активларни тарғиб қилиш, инвестиция тизерларини тарқатиш ва инвесторлар билан фаол мулоқотга киришиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширади.
Давлат активлари агентлиги Консультант билан ҳамкорликда савдо жараёнининг ҳар бир босқичи тўғрисида жамоатчиликка ахборот бериб, иштирокчиларни хабардор қилиб борилишини таъминлайди.
Алоқа учун:
- Одил Мусаев, “Alkes Research” МЧЖ директори, omusaev@alkes.co, тел.: +998(99) 928-88-29
- Умидбек Ашуров, Давлат активлари агентлиги масъул ходими, тел.: +998(71) 259-20-68
Дисклеймер:
Давлат активлари агентлиги сотиш жараёнининг кетма-кетлигини ўзгартириш ёки потенциал харидорга (харидорларга) сотишни ёки сабабларини тушунтирмасдан исталган вақтда улар билан музокара олиб боришни рад этиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
Ушбу эълон ёки унинг мазмунининг бирон-бир қисми мазкур эълон чоп этилишидан келиб чиқиб тахмин қилиниши мумкин бўлган Давлат активлари агентлигининг Активларни сотиш билан боғлиқ бирор-бир шаклдаги мажбурияти сифатида талқин қилинмаслиги керак. Давлат активлари агентлиги ўз хоҳишига кўра ҳар қандай вақтда ва ҳар қандай муносабатда, биргаликдаги ёки шахсий жавобгарликни ўз зиммаларига олмасдан:
(i) савдо жараёнининг босқичлари муддати ва тартибини ўзгартириш;
(ii) турли хил манфаатдор томонлар учун турли хил тартиб-қоидалар бўйича иш тутиш ва/ёки Давлат активлари агентлиги томонидан кўзда тутилган режа-жадвал ва тартиб доирасида исталган бошқа потенциал харидорни (харидорларни) олдиндан огоҳлантирмасдан чиқариб ташлаган ҳолда бир ёки бир нечта потенциал харидорлар билан музокаралар олиб бориш;
(iii) аниқ сабабга кўра сотиш жараёнини тўхтатиш;
(iv) ва/ёки исталган вақтда ва сабабларни тушунтирмасдан Савдога тааллуқли бўлган ҳар қандай потенциал харидор (харидорлар) билан ҳар қандай муҳокама ва музокараларни олиб бориш/тугатиш ҳуқуқларини ўзида сақлаб қолади.
