“Бойсункўмир” МЧЖ устав капиталидаги давлат улушини хусусийлаштириш бўйича келишувга эришилди
2025-12-29 15:30:00 / Янгиликлар

Аввал маълум қилинганидек, тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Давлат активлари агентлиги томонидан “Alkes Research” МЧЖ консалтинг компаниясини хусусийлаштириш бўйича консультант сифатида жалб қилинган ҳолда “Бойсункўмир” МЧЖ (кейинги ўринларда – Актив) устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини сотиш бўйича очиқ савдо жараёнлари ўтказилди.
Хусусийлаштириш жараёни доирасида, Консультант томонидан кенг қамровли маркетинг ва тарғибот ишлари амалга оширилди, жумладан, инвестиция тизерлари салоҳиятли инвесторларга юборилди. Натижада, 4 нафар инвесторлар томонидан сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризалар (Expression of Interest) Консультантга келиб тушди ва барча талабгорлар хусусийлаштириш жараёнининг кейинги – Мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO)ни тақдим этиш босқичида иштирок этиш учун таклиф қилинди.
Ушбу босқичда, талабгорлар билан Ахборотни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (NDA) имзоланиб, Консультант томонидан тайёрланган Активнинг молиявий, солиқ, ҳуқуқий ва экологик фаолияти юзасидан комплекс таҳлил (due-diligence) ҳисоботлари жойлаштирилган виртуал маълумотлар хонаси (VDR)га кириш ва Активнинг бошқарув органи билан учрашиш имконияти яратилди.
Белгиланган муддатларда 2 нафар талабгор томонидан Мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO) тақдим қилинди ва Активни сотиб олиш учун энг юқори нарх таклифини билдирган “Stroy grand servise” МЧЖ 26 млрд сўм сотиб олиш тўловини тўлаш шарти билан савдо ғолиби деб топилди. “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг 31-моддасида белгиланган имкониятдан фойдаланган ҳолда, Харидор сотиб олиш тўловининг дастлабки 50 фоизини 1 ой давомида амалга оширади.
Шу билан бирга, Активнинг асосий фаолият турини 10 йилдан кам бўлмаган муддат давомида сақлаб қолиши, Актив фаолиятига доир масалаларда Ўзбекистон Республикаси Геология ва кончилик саноати вазирлиги томонидан қўйиладиган талабларга амал қилиши лозимлиги Харидор томонидан қабул қилинган.
Шунингдек, Харидор сотиб олиш тўловига қўшимча равишда 2025-2030 йилларда Актив ривожлантириш учун 20,0 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш, 2030 йилгача кўмир қазиб чиқариш ҳажмини йилига камида 400 минг тоннага етказиш ҳамда мавжуд иш ўринларини сақлаган ҳолда қўшимча равишда камида 300 та янги иш ўринларини яратиш каби мажбуриятларни ўз зиммасига олади.
Харидорнинг таклифи Консультант томонидан ҳисобланган Активнинг индикатив нархлар оралиғининг юқори қисмида жойлашган ҳамда баҳоланган қийматидан юқори.
Активни хусусийлаштириш натижалари Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш давлат комиссиясининг тегишли қарори билан маъқулланган.
Давлат активлари агентлиги мазкур савдо жараёнларида иштирок этган барча томонларга ўз миннатдорчилигини билдиради, шунингдек, якуний босқичда иштирок этган талабгорларга Консультант томонидан унинг натижаси бўйича индивидуал хабарномалар юборилади.
