БРИФИНГ - САНОАТ, РАДИАЦИЯ ВА ЯДРО ХАВФСИЗЛИГИ ҚЎМИТАСИДА КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ ЙЎНАЛИШИДА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ИШЛАР
2025-04-03 17:10:00 / Янгиликлар

http://www.youtube.com/watch?v=itxApNAW8Ys Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Давлат органлари зиммасидаги вазифа ва функцияларни бажаришда юзага келадиган коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш тизимини такомиллаштириш ҳамда давлат хизматига ҳалоллик стандартларини жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган ишларнинг натижадорлигини ошириш, муҳим ижтимоий масалаларга оид очиқ маълумотлар кўламини янада кенгайтириш, улардан тўсиқларсиз фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш қўмита олдида турган муҳим вазифалар ҳисобланади. Юқоридаги вазифалар ижроси доирасида, қўмитанинг қуйидаги ички идоравий ҳужжатлари расмийлаштирилиб, заруратга қараб янгиланиб борилмоқда:
Жумладан, Қўмитани коррупцияга қарши курашиш сиёсати;
одоб-ахлоқ қоидалари;
коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш услубиёти;
манфаатлар тўқнашувини бошқариш бўйича низом; алоқа каналлари орқали коррупциявий хатти-ҳаракатлар тўғрисида келиб тушган хабарларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш регламенти;
ходимларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўқитилишини ташкил қилиш бўйича йўриқнома;
контрагентларни текширишга оид йўриқнома;
ишга қабул қилинаётган номзодларни текшириш бўйича йўриқнома;
коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини мониторинг ва назорат қилиш услубиёти;
коррупцияга қарши курашиш тизимининг ҳолати ҳақидаги ҳисоботни шакллантириш ва тақдим этиш регламенти;
коррупциявий хатти-ҳаракатлар ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш ҳолатлари устидан хизмат текширувлари ўтказиш бўйича регламент ҳамда давлат харидларини ўтказиш тўғрисидаги низомдир.
Шу билан бирга, тизим ходимларининг Коррупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига риоя қилиниши назоратга олиниб, тизимда коррупция хавфига энг кўп мойил бўлган фаолият йўналишлари ва лавозимлари рўйхати шакллантирилган. Шунингдек, Қўмита марказий аппарат ва ҳудудий бўлимларига Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги талаблари асосида тизимидаги вакант лавозимларга ишга қабул қилиш учун очиқ танлов асосида саралаб олиш амалиёти жорий этилган. Ўз навбатида, Қўмита тизимида коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини тубдан ошириш, бу борада белгиланган вазифалар коррупция ҳолатларининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этишнинг таъсирчан тизимини яратиш мақсадида, Қўмита марказий аппарати тузилмасида коррупцияга қарши комплаенс назорат бўлими ташкил этилган бўлиб, бўлимнинг Низоми ва лавозим йўриқномаси тасдиқланган. Шу билан бирга, ҳуқуқбузарликлар ва уларга шароит яратувчи омиллар ҳақидаги хабарлар, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва ўз вақтида олдини олиш мақсадида Қўмита тизимида коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича “ишонч телефони” (71) 203-02-39 (25) фаолияти йўлга қўйилган ва низоми тасдиқланган. Ушбу низомда «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида», “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ аризаларни қабул қилиш, Қўмита тизимидаги коррупция билан боғлиқ шикоятлар кўриб чиқиш тартиби белгиланган. Қўмитада коррупцияга қарши курашишга оид аноним шикоятлар учун алоҳида электрон почта komplaens@cirns.uz яратилиб, ўз фаолиятини белгиланган тартибда олиб бормоқда. Шунингдек, бугунги кунда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг “Ўзбекистонда самарали, ҳисоб берувчи ва шаффоф бошқарув институтлари орқали коррупцияга қарши курашиш” лойиҳаси билан биргаликда ИСО 37001:2016 коррупцияга қарши стандартидан келиб чиқиб, коррупцияга қарши ички назорат тизимини жорий этувчи тавсиявий ҳужжатлар тўпламидан фойдаланган ишлар олиб борилмоқда.
Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси марказий аппарати ва ҳудудий бўлимлари ходимларини коррупцияга қарши курашиш бўйича малакасини мунтазам ошириб бориш мақсадида, 2024 йил ва 2025 йилнинг биринчи чораги давомида “Коррупцияга қарши курашиш мавзусида” 18 маротаба ўқув семенарлари ташкил этилди.Бундан ташқари, Қўмита марказий аппарати таркибий бўлинмалари ва ҳудудий органлари ходимларини коррупцияга қарши курашиш бўйича билим ва кўникмаларини баҳолаш юзасидан тест синовлари ўтказилди. Шунингдек, Қўмита томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонуннинг 18 моддаси талаблари доирасида қўмита марказий аппаратининг 53 нафар масъул ходимлари томонидан эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларатцияни тўлдириши таъминланди. Бундан ташқари, қўмитага ишга қабул қилинаётган номзодлар, шунингдек бошқа ишга ўтказилган ходимлардан эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги белгиланган шаклдаги декларатцияни тўлдириш амалиёти йўлга қўйилган. 2025 йил 1 чорак ҳолатида қўмита марказий аппарати ходимлари томонидан тўлдирилган эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларация таҳлилига кўра 1 нафар масъул ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган, 1 нафари бошқа пастроқ лавозимга ўтказилган ва 2 нафари интизомий жавобгарликка тортилган.


