АВТОМОБИЛЬ ЙЎЛЛАРИ ҚЎМИТАСИНИНГ 2024 ЙИЛДАГИ ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА ҲИСОБОТ
АВТОМОБИЛЬ ЙЎЛЛАРИ ҚЎМИТАСИНИНГ
2024 ЙИЛДАГИ ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА
ҲИСОБОТ
Умумий маълумотлар
|
Номланиши: |
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси |
|
Ташкилий-ҳуқуқий шакли: |
Муассаса |
|
Юридик манзили: |
Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Мустақиллик шоҳ кўчаси, 68-уй |
|
Фаолият тури: |
Автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш |
Автомобиль йўллари қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги “Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–4954-сон Фармонига асосан Автомобиль йўллари қуриш ва фойдаланиш давлат-акциядорлик компанияси (“Ўзавтойўл” ДАК) негизида ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 февралдаги “Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5647-сон Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси этиб қайта номланган ҳолда Транспорт вазирлиги таркибига киритилган.
Автомобиль йўллари қўмитаси автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш ва табиий офатларнинг олдини олиш, уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича ягона буюртмачи ҳисобланади.
Автомобиль йўллари қўмитаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Транспорт вазирлигининг қарорларига ҳамда Автомобиль йўллари қўмитаси низомига амал қилади.
Автомобиль йўллари қўмитаси ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишда республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.
Автомобиль йўллари қўмитасининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
Автомобиль йўллари қўмитасининг
ташкилий тузилмаси
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 октябрдаги “Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–330-сон қарори билан Автомобиль йўллари қўмитасининг ташкилий тузилмаси тасдиқланган.
Автомобиль йўллари қўмитасининг ташкилий тузилмасида:
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар автомобиль йўллари бош бошқармалари;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри минтақавий йўлларга буюртмачи хизматлари;
туман йўллардан фойдаланиш корхоналари;
йўллардан мунтазам фойдаланиш корхоналари;
“Ўзйўлкўприк” кластери ва унинг ҳудудий филиаллари;
Автомобиль йўллари техник ҳолати таҳлили ва ҳаракат хавфсизлиги маркази;
Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази;
Автомобиль йўллари илмий-тадқиқот институти;
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси;
“Автойўлинвест” агентлиги ва бошқа корхоналар фаолият юритади.
Автомобиль йўллари қўмитаси фаолиятининг
2024 йилдаги асосий йўналишлари
Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан 2024 йил давомида қуйидаги асосий йўналишларда ишлар олиб борилди:
автомобиль йўллари соҳасида ягона техника сиёсатини олиб бориш;
автомобиль йўлларини ривожлантириш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
автомобиль йўллари тармоқларини ривожлантириш ва такомиллаштириш истиқболларини белгилаш;
автомобиль йўлларини молиялаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш масалалари комплекс ҳал этилишини ташкил этиш ҳамда буюртмачи хизматининг самарали фаолиятини ташкил этиш;
автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш сифати устидан назоратни амалга ошириш;
хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларининг, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларининг мавжуд тармоғи сақланишини таъминлаш ишларини мувофиқлаштириш;
илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш соҳасида инновацион технологиялар ва замонавий стандартларни жорий этиш;
автомобиль йўллари соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шу жумладан, чет элларда ўқув-амалиёт курслари ва семинарлар ташкил этиш;
автомобиль йўлларига туташ ҳудудларни кўкаламзорлаштириш тадбирлари ўтказилишини ташкил этиш;
автомобиль йўлларини лойиҳалаш соҳасидаги нормалар ва стандартларга риоя этилишини таъминлаш;
йўл хўжалиги соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.
Автомобиль йўллари тармоғини ривожлантириш бўйича
2024 йилда амалга оширилган асосий тадбирлар
2024 йилда республика автомобиль йўллари тармоғини янада ривожлантириш мақсадида қуйидаги асосий йўналишларда амалий ишлар олиб борилди:
йўл қурилиш-таъмирлаш ишларида лойиҳа ҳужжатларининг намунавий андозаларидан тўлиқ воз кечилиб, лойиҳалар ҳар бир ҳудуднинг геологик ва экологик хусусиятини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилди;
лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда диагностика қилиш, йўл қопламасининг физик хоссаларини баҳолаш, ер ости коммуникация тармоқлари мавжудлигини қопламани бузмаган ҳолда текшириш мақсадида Жаҳон банкининг грант маблағлари ҳисобига харид қилинган замонавий рақамлаштирилган 3D мобиль сканери, Дефлектометр FFD 8012, Георадар RIS-HiPave русумли ва бошқа махсус техникалардан кенг фойдаланилди;
сифатли қурилиш материаллари (янги турдаги чақиқтош мастикали, А типдаги асфальтбетон) ва янги маркадаги битум (БНД 50/70 ва полимербитум) маҳсулотларидан кенг фойдаланилди;
соҳага оид меъёрий ҳужжатлар тўлиқ қайта хатловдан ўтказилди ва хатлов натижаларига кўра 433 та меъёрий ҳужжатлар ва стандартлар мавжудлиги аниқланди, 2024 йилда соҳага оид 40 та стандарт ва меъёрий ҳужжатлар илғор хорижий тажриба асосида қайта ишлаб чиқилди;
соҳага оид меъёрий ҳужжатлар базаси такомиллаштирилиб, мутахассисларга электрон шаклда фойдаланиш учун қулайлик яратиш мақсадида “Автойўл норма” электрон платформаси (avtoyulnorma.uz) ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди;
лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, йўл қурилиши ишларини амалга ошириш, шунингдек, уларни қабул қилиб олишда ҳажм ва сифат кўрсаткичларини ҳисобга олиш (“ҳажм услуби”) тартиби ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди;
бажарилаётган йўл ишларининг турлари оптималлаштирилиб, автомобиль йўлларини таъмирлаш ва сақлаш ишлари таснифи янги таҳрирда ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди;
автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари тугалланган объектларнинг асосий конструктив элементлари ҳамда йўл ҳаракатини ташкил этиш техник воситаларига кафолатли хизмат қилиш муддатларини қўллаш тартиби ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларига илк бор хусусий сектор жалб қилиниб, Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳар бир вилоятда узунлиги 20 километрдан жами 260 километр йўлларни эксплуатация қилиш ишлари аутсорсинг асосида тадбиркорларга берилди;
йўл бўйларидаги дарахт ва терак кўчатларини аҳоли ҳамда йўл ишчиларига ўзаро манфаат асосида ижарага бериш бўйича янги тизим яратилди (ҳудудлардаги 2 990 нафар аҳоли ва йўл ишчиларига 2,6 млн донадан зиёд дарахт ва терак кўчатлари ўзаро манфаатли шартнома асосида ижарага берилди);
тадбиркорлик субъектлари иштирокида халқаро магистраллар бўйида андозавий йўл бўйи инфратузилмаси мажмуаларини ташкил этиш бўйича амалий ишлар олиб борилди (ушбу мажмуалар жойлаштириладиган 70 тадан ортиқ координаталар аниқланди ва концепцияси ишлаб чиқилди);
тизим корхоналарининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда йўлларда юк автомобилларининг вазн параметрларини назорат қилиш учун 1 032 та янги йўл техникалари ва 32 та кўчма тарозилар харид қилинди, 2 215 та йўл техникаларига “GPS” мосламалари ўрнатилди;
йўл ишларида сифат назоратини Халқаро муҳандис-консультантлар федерацияси (FIDIC) амалиёти ва ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилишини таъминлаш учун 300 нафар мутахассислар махсус курсларда ўқитилиб, тегишли сертификатлар билан таъминланди;
етакчи хорижий давлатларда 74 нафар мутахассис, хусусан Германия, Испания, Нидерландия, Австрия, Хитой Халқ Республикаси, Жанубий Корея, Япония, Туркия ва бошқа давлатларда малака ва тажрибаларини ошириб келдилар;
Қўқон, Зомин ва Урганч шаҳарлари аэропортларининг учиш-қўниш йўлаклари Қўмита тизимидаги корхоналар томонидан тўлиқ реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди;
Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги “Темур Малик” кўчасида республикамизда илк маротаба йиғма темир конструкцияли йўл ўтказгич қурилиб, фойдаланишга топширилди;
Осиё тараққиёт банки иштирокида А 380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” автомобиль йўлининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидан ўтувчи 964-1204 км (240 км) қисмини цемент-бетон қоплама билан реконструкция қилиш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилди.
“Тошкент – Андижон” ва “Тошкент – Самарқанд” йўналишидаги пуллик автомобиль йўлларини қуриш лойиҳаларининг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилди;
Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда А 373 “Тошкент – Ўш” автомобиль йўлининг “Қамчиқ” довонидан ўтган 100 км қисмида интеллектуал транспорт тизимини жорий этиш ишлари олиб борилди.
2024 йилда тасдиқланган дастурлар доирасида 12 трлн 391 млрд сўм миқдорида йўл ишлари бажарилди ва 21 328 км автомобиль йўллари қурилди, реконструкция қилинди ва таъмирланди, жумладан:
Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 3 трлн 205 млрд сўм миқдорида йўл ишлари бажарилди ва 777,5 км автомобиль йўллари реконструкция қилинди ва таъмирланди;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини техник соз ҳолатда сақлаш бўйича 3 трлн 811 млрд сўм миқдорида йўл ишлари бажарилиб, 6 883 км автомобиль йўллари таъмирланди ва ҳолати яхшиланди;
“Ташаббусли бюджет” дастури доирасида 1 трлн 918 млрд сўм маблағ ҳисобига 4 094,5 км ички йўллар таъмирланди, бундан ташқари ҳудудларда 8 281 км тупроқ йўллар шағаллаштирилди;
маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 370,8 млрд сўм ҳисобига 971,9 км автомобиль йўллари таъмирдан чиқарилди;
жами 315 дона кўприкларда таъмирлаш ва тиклаш ишлари олиб борилди;
халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳалар бўйича 243,9 млн доллар маблағ ўзлаштирилди ва 320 км автомобиль йўллари реконструкция қилинди.

