Бугун ИИВ Маданият саройида вазирлик марказий аппарати ходимлари иштирокида «Мирзо Улуғбек – буюк олим ва давлат арбоби» мавзусида навбатдаги маънавият ва маърифат дарси бўлиб ўтди
2024-03-30 14:30:00 / Янгиликлар

Миллатимиз фахр-у ифтихори бўлган улуғ зот таваллудининг 630 йиллигига бағишланган мазкур тадбирда Жамоат хавфсизлиги университетининг ижтимоий-гуманитар фанлар кафедраси профессори, «Мирзо Улуғбек коинотга талпинган ҳукмдор» номли китоб муаллифи Жумабой Раҳимов Мирзо Улуғбекнинг Мовароуннаҳрни бошқарган йилларда уни ҳар томонлама ривожлантириб, илмий-маданий марказга айлантиргани ҳамда математика ва астрономия фанининг энг ёрқин вакилларини чақиртириб, Самарқанд шимолидаги Обираҳмат канали бўйида дунёга машҳур расадхона бунёд этгани тўғрисида батафсил тўхталди.
Шунингдек, у буюк бобокалонимиз қарийб қирқ йил мобайнида Мовароуннаҳрнинг донишманд ҳукмдори сифатида халқнинг азалий орзуси бўлган тинчлик, тотувлик, илм-фан ва маданиятни тараққий топтириш йўлида улкан шижоат ва матонат кўрсатгани, унинг мактабига мансуб олимларнинг аниқлаган маълумотлари улардан бир неча аср олдин яшаб ўтган буюк алломалар эришган натижалардан ҳам устунлигини фахр билан тилга олди.
Ички ишлар вазири маслаҳатчиси, подполковник Хуршид Рўзиев ҳам халқимиз фахр-ифтихорига айланган бобокалонимиз тўғрисида тўлқинланиб гапираркан, унинг миллатимиз учун қолдирган бой маънавий ва маданий меросини чуқур ўрганиб, уни бошқаларга ҳам тарғиб этсак, мақсадга мувофиқ бўлиши ҳақида тўхталиб ўтди ҳамда бу борадаги бир қатор таклиф ва тавсияларини илгари сурди.
Ватанпарварлик руҳида ўтган тадбир давомида педагогика фанлари номзоди, доцент Жумабой Раҳимовга ички ишлар органлари ходимларининг маънавий салоҳиятини ошириш ва уларнинг она юртга бўлган меҳр-муҳаббат ва садоқатини янада кучайтириш йўлида қўшган муносиб ҳиссаси учун Ички ишлар вазирлигининг эсдалик қўл соати тантанали равишда топширилди.
Муҳаммад Юсуф сўзи ва Маҳмуджон Азимов мусиқаси асосида яралган «Самарқандга борсам мен агар» қўшиғининг ИИВ Маданият саройи Ашула ва рақс ансамбли хонандаси, сафдор Иброҳим Ғаниев ижросида куйланиши эса тадбирга янада файз бағишлади.
Михли Сафаров, ўз мухбиримиз. «Постда»



