ОИЛАЛАРДА РАДИКАЛИЗМ ХАТАРИ
2025-07-16 09:05:00 / Маънавият ва маърифат

Жорий йилнинг 11 июль куни Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси марказий аппарати ходимлари учун “Оилаларда радикализм хатари” мавзусида навбатдаги “Касбий-маърифат соати” ўтказилди. Унда “Меҳнат шуҳрати” ордени, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, профессор Жамила Шермухамедова ўз маърузаси билан иштирок этди.
Оила жамиятнинг муқаддас маскани, энг асосий тарбия маконидир. Шунингдек, оила миллий қадриятлар маскани ҳисобланади. Оиладаги ота ибрати, она меҳри, бобо ва бувилар ўгитлари орқали миллий қадриятларимизга бўлган имон-эътиқод, ҳалоллик, меҳр-оқибат авлоддан авлодга ўтади, фарзандларимиз онги ва қалбида муҳрланиб боради.
Яқинда оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда катта шов-шувга сабаб бўлган мамлакатимизда яширин равишда ташкил этилган ҳужраларда диний таълим бераётганлар қўлга олинди. Ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўтказган тезкор тадбирида пойтахтимизда 3 нафар фуқаро ўз хонадонларида «ҳужра»лар ташкил этиб, 32 нафар болага диний сабоқ бераётгани аниқланган. Ноқонуний ўқитиш вақтида болалар шавқатсизларча калтакланиб, мунтазам равишда оч қолдириш орқали жазоланган. Ҳужралар ташкил этилган хонадонлар кўздан кечирилганда, у ердан ёғоч калтак, пичоқ, пневмотик қурол топилган. Шунингдек, ҳужралар эгаларининг қўл телефонларида диний экстремистик оқимлар ва террорчи ташкилотларнинг ғоявий раҳбарларининг жиҳодга чорловчи аудио, видеоматериаллари борлиги аниқланган.
Таниқли жамоатчилик фаолининг айтишича, айрим оилалар ўз фарзандларини ўз қўллари билан радикал оқимга мансуб экстремистлар қарамоғига топшириб қўйганлар. Калтаклару қийноқлар, ёт ғоялар остида тарбияланган чорасиз болалар келажакда ким бўлишини тасаввур қилиш қийинлигини уқтирди.
Тадбирда оилаларда тинчлик ва фаровонликни таъминлашда эркак - отанинг ролини кучайтириш, оила аъзоларига нисбатан меҳрли, оқибатли, эътиборли бўлиш, турли хавф-хатарлардан огоҳ бўлиш кераклиги таъкидлаб ўтилди.




