Қўмита мутахассислари халқаро илмий-амалий семинарда қатнашди.
2025-06-30 15:00:00 / Янгиликлар

Қўмита ҳузуридаги Наслчилик илмий ишлаб чиқариш маркази директори Олим Маматқулов ва Самарқанд давлат ветеринария, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ўқитувчилари Индонезиянинг Сингосари сунъий уруғлантириш Миллий маркази ҳамда Ислом тараққиёт банки ҳамкорлигида ташкил этилган Ислом тараққиёт банкига аъзо давлатларда сунъий уруғлантиришни бошқариш мавзусидаги II халқаро илмий-амалий семинарда иштирок этди.
Анжуманнинг учинчи куни Ўзбекистонда сунъий уруғлантиришни ташкил этиш ва бошқариш бўйича кўргазмалар тақдимот қилинди. Зотдор буқалар уруғини олиш, замонавий ускуналарда қадоқлаш ва чуқур музлатилган ҳолда жойларга етказиб бериш тизими бўйича ахборот берилди. Шунингдек, юртимизда сунъий уруғлантириш билан бирга эмбрион кўчириб ўтказиш борасидаги изланишлар ҳам тақдим қилинди.
Тадбир давомида Халқаро эпизоотик бюронинг бу йилги сессиясида ташкилот бош котиби Эммануела Субейран хоним томонидан ветеринария соҳасидаги Ўзбекистон тажрибаси ташкилотга аъзо давлатларга тавсия этилганлиги, шунингдек қўмита раиси Баҳром Норқобиловнинг “Хизматлари учун” медалига сазовор бўлгани яна бир бор эътироф этилди.
