Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Норқобиловнинг коррупцияга қарши курашиш борасида мурожаати
2025-02-28 08:50:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда республикамизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланиб улгурди.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуслари билан мамлакатимизда коррупсиянинг олдини олишга, унга қарши курашишга, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупция омилларга чек қўйишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Буни сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашиш соҳасига оид қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, давлат дастурлари мисолида ҳам кўриш мумкин.
Давлат раҳбарининг коррупцияга қарши курашга доир ташаббусларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, қўмита тизимида ҳам коррупсияга қарши курашиш билан боғлиқ фаолиятни такомиллаштириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиб, бу иллатнинг олдини олиш ва профилактика қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, коррупция хавфини баҳолаш, ходимларни коррупцияга қарши курашишга ўргатиш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, қўмита тизимида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашишнинг илғор халқаро стандартларга асосланган тизимини жорий этиш бўйича изчил чоралар кўрилиши натижасида, қўмита 2023-йилда коррупцияга қарши курашиш бўйича ИСО 37001:2016 халқаро стандарти сертификатига эга бўлди.
Ушбу халқаро стандарт талабларига мувофиқ қўмита ва унинг тизим ташкилотлари ва муассасаларида коррупцияга қарши курашиш бўйича бошқарув тизими жорий этилди. Хусусан, халқаро стандарт талабларидан келиб чиққан ҳолда, қўмита тизимида коррупцияга қарши курашиш, уни келтириб чиқараётган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш борасида тизимли чоралар кўрилмоқда. Жумладан, халқаро стандарт талаблари бўйича қўмита тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича 10 дан ортиқ ички идоравий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, қўмита тизимида амалиётга жорий этилди.
Шу билан бирга, қўмита тизими фаолиятида коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш ва уларга барҳам беришга қаратилган вазифалар ва йўналишлар белгилаб олиниб, коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш, шунингдек, уларни камайтириш бўйича тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Шунингдек қўмита тизимида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, коррупциянинг олдини олишга доир тарғибот тадбирлари, қўмита тизимида фаолият юритаётган ходимларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш бўйича ўқув семинарлари, тренинглар, брифинглар ва давра суҳбатлари ташкил этиб борилмоқда.
Шу ўринда қўмита тизимида фаолият юритаётган барча ходимларга шуни алоҳида таъкидлаган бўлар эдимки, коррупсияга мутлақо тоқатсизлик тамойилига таянган ҳолда коррупция билан боғлиқ ҳар қандай хатти-ҳаракатларда иштирок этманг, бошқа шахсларнинг манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилманг, пора олиш ёки ғайриқонуний бошқа мақсадларда ўз хизмат мавқеингиздан ноқонуний фойдаланманг!
Сизлар, меҳнат фаолиятингиздаги юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатларда ҳалол, адолатли ва мустақил хулқ-атвор намунаси бўлишингиз, ўз мансаб мажбуриятингизни бажаришингиз доирасида, коррупциянинг барча шакллари ва кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантирган ҳолда коррупцияга қарши курашиш бўйича қонунчилик нормалари ва қабул қилинган ички ҳужжатларга риоя қилишингиз лозим.
Биз шуни унутмаслигимиз керакки, коррупция маълум бир соҳага эмас, балки бутун жамият тараққиётининг инқирозига олиб келади. Ҳозирда коррупсияга қарши курашиш мақсадларига фақат ташкилий-ҳуқуқий воситалар билан эришиб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.
Ўйлайманки, жамият кушандаси бўлган ушбу иллатга қарши курашда нафақат давлат ташкилотлари, балки, жамият ва умуман барча фуқароларимиз масъулдир. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз лозим. Шундай экан, давлат ва жамоат ташкилотлари бу иллатни олдини олиши ва унга қарши курашишда ҳамжиҳат бўлиши самарали натижаларга эришишнинг энг мақбул йўли бўлиб ҳисобланади.
Асосий фаолиятимиз йўналишлари бўлган ветеринария, чорвачилик ва наслчилик соҳасида хамда чорвачиликда қўшилган қиймат занжирини яратиш, “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” дастури доирасида яйловларни асраш, экологик ва бошқариш тизимини йўлга қўйиш каби вазифаларимизни амалга оширишда коррупциявий ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик ва уларни содир этишга йўл қўймаслик, коррупция омиллари ва шарт-шароитларини бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишни ўзимизга устувор вазифа қилиб олишимиз даркор.
Бунда ватанпарварлик, содиқлик ва масъулиятни фаолиятнинг асосий тамойилига айлантирган ҳолда, ҳар бир мутахассис ходим олдига қўйилган вазифаларни виждонан, ҳолис ва юқори савияда амалга ошириши лозим.
Давлат хизматчиси энг аввало юраги, виждони ва қўли тоза, кўнгли очиқ, ақл ва заковат соҳиби бўлса, у албатта эл-юрт ишончини, меҳрини ва эътиборини қозона олади. Шундай экан, гўзал ва бетакрор юртимизнинг бугунги ва эртанги куни, ёруғ келажаги учун авваламбор ўзимиз масъул эканлигимизни унутмайлик.
Ҳурматли фуқаролар, тадбиркорлар ва соҳа ходимлари!
Қўмита тизимида фаолият юритаётган ходимларининг қонунчиликка зид хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизликларининг гувоҳи бўлсангиз ёки ходимларнинг коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига алоқадорлиги юзасидан маълумотларга эга бўлсангиз, қўмитанинг қуйида келтирилган алоқа каналлари орқали ўз мурожаатларингизни қолдиришингиз мумкин.
Ишонч телефони: +998 71 202 12 00 (ички 201) ва +998 71 276 01 18
Телеграм бот: @ветлегнеwсбот
Расмий веб саҳифа: http://my.vetgov.uz/
Электрон почта манзили: инфо@vetgov.uz девонхона@vetgov.uz
Йўлланган мурожаатлар қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда кўриб чиқилади ҳамда тасдиқланган коррупцион ҳолатлар бўйича кескин қонуний чоралар кўрилади.
