Бекобод туманида балиқчилик бўйича инноватсион лойиҳа ишга туширилди.
2025-12-19 16:10:00 / Янгиликлар

Балиқчилик озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги муҳим йўналишлардан бири сифатида бугунги кунда жадал равишда ривожланиб бормоқда.
Соҳага замонавий интенсив технологиялар жорий қилиниб, балиқ етиштирувчи хўжаликлар сони ортиб бормоқда. Шу билан бирга кичик майдонлардан самарали тарзда фойдаланиш натижасида юқори ҳосилдорликка эришилмоқда.
Хусусан, Тошкент вилояти Бекобод тумани Боғишамол маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган мелиоратив қудуқлар атрофида балиқ етиштириш фаолиятини бошлаган “РАС TROUT” масъулияти чекланган жамияти ана шундай хўжаликлардан бири саналади.
Ушбу хўжалик томонидан республикада илк маротаба ярим айланма сув тизими услубида балиқ етиштиришда суюқ кислороддан фойдаланиш бўйича инновацион лойиҳа ишга туширилди. 8 сотих майдонга ўрнатилган, қуввати 80 тонна бўлган 16 та бассейнларда амалга оширилаётган лойиҳада мавсумга кўра яъни қиш ойларида форель балиғи чавоқлари, ёзги мавсумда эса карп ҳамда осётр балиқларини етиштириш режалаштирилган.
Биламизки, мелиоратив қудуқлардан асосан ерости сувларини пасайтириш ва деҳқончиликда фойдаланилган. Бугунги кунга келиб эса ушбу сувларда саноат усулида балиқ етиштириш оммалашиб бормоқда. Мазкур қудуқлардан чиқарилаётган ер ости сувларининг таркиби тўғридан-тўғри балиқ етиштириш талабига мос келмаганлиги сабабли қайта ишланиб, дегазация қилинади. Ортиқча газлар чиқарилиб, қўшимча равишда кислород билан тўйинтирилади.
Лойиҳа доирасида махсус ҳароратда сақланган суюқ кислород замонавий ускуналар ёрдамида газ ҳолатига ўтказилиб, бассейнга керакли миқдорда юборилади. Натижада сувнинг таркибидаги кислород миқдори етиштирилаётган балиқ турига кўра оптимал даражада ушлаб турилади. Сув таркибидаги кислород миқдорининг ошиши ўз навбатида балиқларда модда алмашинувини яхшилаб, озуқа истеъмолига бўлган талабини оширади.
Юқоридаги лойиҳанинг аҳамиятлилиги ҳам шундаки, балиқ етиштиришда суюқ кислороддан фойдаланилмоқда. Бу усулда эса сувда кислород 200-300 фоиз миқдоригача эрийди. Балиқларнинг касалланиш даражаси камаяди. Ҳаво ҳароратининг кескин ошиб кетиш давридаги кислород етишмаслик муаммоси бартараф этилади. Бунинг натижасида эса юқори ҳосилдорликка эришилади.
Мазкур йўналишда балиқ етиштиришнинг яна бир афзаллиги унда сув, ер ва электр энергия ресурсларининг сарфи тежалади. Ишлатилган сувларнинг қарийб 50 фоизи қайта ишлатилади. Қолган қисми эса фосфор ва азотга тўйинган ҳолатда қишлоқ хўжалиги экинлари учун фойдаланилади.
Натижада ишлатиладиган ўғит сарфи камайиб, экинлар ҳосилдорлигининг ошишига хизмат қилади.
Ўзбекистон иқлим шароити ва тобора кучайиб бораётган сув танқислиги муаммосини инобатга олган ҳолда балиқ етиштиришда суюқ кислороддан фойдаланиш соҳани янги босқичга олиб чиқиш, замонавий ва барқарор балиқчиликни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.





