Саноат зоналарини ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш...
2025-03-20 15:05:00 / Янгиликлар

Президентимизнинг саноат зоналарини ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш юзасидан белгилаб берган топшириқларига асосан Сурхондарё вилоятининг ҳар бир ҳудудида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Жарқўрғон туманидаги "Қораёнтоқ" маҳалласида ташкил этилаётган кичик саноат зонасида мазкур вазифалар ижросини ўрганди. Лойиҳаларни самарали жойлаштириш, саноат зонасини тез фурсатда тўлиқ ишга тушириш ва импорт ўрнини босувчи ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш юзасидан топшириқлар берилди. Бундан ташқари янги иш ўринлари яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Шундан сўнг, Термиз шаҳри "Каттабоғ" маҳалласида жойлашган кичик саноат зонасида олиб борилаётган ишлар кўздан кечирилди. Таҳлиллар жараёнида айрим лойиҳалар тўлиқ ишга туширилмагани, ишлаб чиқариш ҳажми ва иш ўринлари етарли даражада ташкил этилмагани қайд этилди. Шу боис, мазкур саноат зонасини қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштириш, иқтисодий самарадор ва истиқболли лойиҳаларни жойлаштириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, ишлаб чиқарилаётган қурилиш маҳсулотларини маҳаллий бозорга олиб чиқиш ва қурувчиларга тақдимот қилиш орқали ички талабни қондириш бўйича тавсиялар берилди.
Ушбу чора-тадбирлар натижасида саноат зоналарининг самарадорлиги оширилиши, маҳаллий ишлаб чиқариш ривожланиши ва янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.









