Термиз шаҳри, Термиз, Ангор ва Музработ туманларида тадбиркорлик ва бандликни ошириш бўйича ишлар ўрганилди
2026-04-21 11:00:00 / Янгиликлар

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган вазифалар ижросини ўрганишни Термиз шаҳридан бошлади. Дастлаб, Алпомиш маҳалласида барпо этилаётган “Бонатика” боғи лойиҳасининг амалга оширилиши билан танишилди.
Шунингдек, шаҳарнинг Кокилдор ота маҳалласида аукцион орқали сотилган 10 гектар ер майдонида ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилаётган иссиқхоналар комплекси кўздан кечирилди. Ҳар икки лойиҳа юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланиб, ташаббускорлар билан мулоқот ўтказилди. Мутасаддилар олдига аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шундан сўнг, Президентимиз ташрифи давомида берилган топшириқларга мувофиқ, Термиз туманида жойлашган Фаёзтепа мажмуасига олиб борувчи йўл ҳамда йўлбўйи ҳудудларини ободонлаштириш, ишлаб чиқилган мастер-режа асосида замонавий қиёфага келтириш ишлари кўриб чиқилди. Йўлни таъмирлаш, пиёдалар йўлаклари ва яшил ҳудудлар барпо этиш, шунингдек, атрофда саноатлашган боғлар ташкил этиш ишларининг бориши ижобий баҳоланди. Ишларни сифатли ва тизимли якунлаш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Ўрганиш ишлари Ангор туманида давом эттирилди. Ташриф доирасида “Асакабанк” АТБ балансидаги бўш бинода ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш лойиҳаси тақдимоти, Шарқ гули маҳалласида “Чарос-Ангор” оилавий корхонасининг чойшаб ва юмшоқ ёстиқлар ишлаб чиқариш фаолияти ҳамда “Уста Салим ҳожи” МЧЖнинг музлаткичли омборхона имкониятлари билан танишилди.
Шунингдек, “Ангор Фарм” МЧЖ томонидан фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси, шунингдек, маҳалла ҳудудидан ўтувчи 1 км коллекторни ёпиқ дренаж тизимига айлантириш орқали 45 та савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш режалари кўриб чиқилди. Бундан ташқари, ташқи реклама воситаларини жойлаштириш ва назорат қилиш, ташқи меҳнат миграцияси соҳасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан масъулларнинг ахборотлари тингланди.
Вилоят раҳбари Ангор туманидаги қурилиш ишларини жадаллаштириш, амалга оширилаётган лойиҳалар самарадорлигини ошириш ҳамда тақдим этилган ташаббусларни тезкор бошлаш бўйича вазифаларни белгилаб берди.
Музработ туманидаги ташриф тадбиркор Асқар Улашев томонидан амалга оширилаётган эртапишар қовун етиштириш лойиҳаси билан танишишдан бошланди. Таъкидланишича, ҳосилга кирган қовунлар май ойининг биринчи ўн кунлигида пишиб етилиб, ички ва ташқи бозорларга экспорт қилинади. Ушбу тажрибани кенг оммалаштириш, бозорбоп маҳсулотлар етиштиришни кўпайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Шундан сўнг, Дўстлик маҳалласида коллекторни замонавий ёпиқ тизимга ўтказиш ва ҳосил бўлган майдонларда тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, “Халқ йўли” маҳалласида замонавий деҳқон ва озиқ-овқат ҳамда чорвачилик бозорини ташкил этиш ишлари ўрганилди. Ҳар икки лойиҳада ишлар суст олиб борилаётгани танқид қилиниб, қурилиш ва таъмирлаш ишларини жадаллаштириш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.
Вилоят раҳбари Йўлчи маҳалласидаги бўш бинода ташкил этилган хусусий клиника фаолияти билан ҳам танишди. Тадбиркорнинг ҳудудда клиника боғини ташкил этиш ташаббуси қўллаб-қувватланиб, лойиҳани амалга оширишда зарур кўмаклар кўрсатилиши таъкидланди.
Шунингдек, Шаффоф маҳалласида жойлашган собиқ касб-ҳунар коллежи биносида ижтимоий реестрдаги оилаларнинг ишсиз аъзолари иштирокида йўлга қўйилган пилла қурти парвариши ишлари кўздан кечирилди. Мазкур ташаббус доирасида 36 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган бўлиб, уларнинг 30 нафари хотин-қизлардан иборат.



