Сурхондарёда деҳқончилик янги босқичда: тўрт ҳосилли модел амалда
2026-04-07 16:00:00 / Янгиликлар

Сурхондарё вилояти қулай иқлим шароити ва унумдор тупроқлари билан қишлоқ хўжалигида йилига 3-4 мартагача ҳосил олиш имконини беради. Воҳада тўпланган бу илғор тажриба Президентимиз ташрифи давомида ҳам алоҳида эътироф этилиб, уни республика миқёсида кенг оммалаштириш вазифаси белгилаб берилган эди.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Жарқўрғон тумани Гулистон маҳалласида аҳолининг томорқадан самарали фойдаланиш тажрибаси билан танишди.
Мазкур маҳаллада 777 та хонадон мавжуд бўлиб, уларнинг қарийб 90 фоизи картошкачилик билан шуғулланади. Умумий 100 гектар томорқа ер майдонида картошка етиштирилаётган бўлиб, маҳалла миришкорлари йилига тўрт мартагача ҳосил олиш амалиётини самарали йўлга қўйган.
Жорий йилда вилоятда картошка ҳосилини феврал ойи бошидан йиғиштириб олиш бошланган. Бўшаган майдонларга қайта экиш ишлари амалга оширилиб, айни пайтда картошка экинлари гуллаш босқичига кирган. Ҳудудда бир қарич ҳам ернинг бекор ётмаётгани алоҳида эътироф этилди.
Маҳалланинг асосий экини картошка бўлиб, ундан бўшаган майдонларда яна картошка экиш билан бирга, алмашлаб экиш тизими асосида саримсоқ ва ерёнғоқ каби экинлар ҳам жойлаштирилмоқда. Бу ёндашув ер унумдорлигини сақлаш ва ошириш, шунингдек, барқарор ва юқори ҳосилдорликка эришишга хизмат қилмоқда.
Гулистон маҳалласининг томорқадан самарали фойдаланиш, қисқа муддатда бир неча бор ҳосил олиш ва аҳоли даромадини ошириш борасидаги амалий тажрибаси бугунги кунда бошқа ҳудудлар учун намунавий модел сифатида хизмат қилади.






