Термиз нуфузли халқаро анжуманга мезбонлик қилмоқда
2026-03-30 19:00:00 / Янгиликлар

Сурхондарё вилоятидаги "Термиз халқаро савдо маркази" эркин савдо зонасида "Ўзбекистон – Россия: Евросиё маконида стратегик шериклик" мавзуига бағишланган халқаро конференсия бошланди.
Анжуман икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш учун мунтазам мулоқот ва ечимларни ишлаб чиқишни таъминлайдиган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Россия Федерациясининг "Валдай" халқаро мунозара клуби ўртасидаги доимий фаолият юритувчи экспертлар платформаси доирасида ўтказилмоқда.
Нуфузли анжуманнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов, "Валдай" халқаро мунозара клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси кенгаши раиси Андрей Быстритский, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар барқарор, прагматик хусусиятга эга бўлиб, аниқ лойиҳалар атрофида қурилгани ва ҳамкорликнинг мустаҳкам институционал базасига таянишини таъкидлади.









