Ёшлар масалалари бўйича вазифалар ижроси ўрганилиб, “Voice UP” ёшлар оромгоҳи лойиҳасига старт берилди
2026-03-26 23:00:00 / Янгиликлар

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов пайшанба — “Ёшлар куни” ҳамда ҳафталик иш режасига мувофиқ ёшлар сиёсати ва ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ишлар, белгиланган вазифалар ижроси билан танишди.
Дастлаб, Термиз шаҳридаги “Моваро” турар жойлар массивида Термиз муҳандислик ва агротехнологиялар университети талабалари томонидан йўлга қўйилган намунавий бошқарув-сервис компанияси фаолияти кўздан кечирилди. Компания фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда талаба-ёшларни бандлиги юзасидан тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Шундан сўнг, вилоятдаги “Келажак маркази” фаолияти ўрганилди. Масъуллар томонидан шаҳар ва туманлардаги “Келажак марказ”ларида амалга оширилаётган ишлар ва эришилган натижалар юзасидан ахборот берилди. Ҳозирда вилоят ва ҳудудий марказларда 733 та тўгарак ташкил этилган бўлиб, уларда 20 мингга яқин ўқувчи-ёшлар қамраб олинган. Вилоят раҳбари марказлар фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида биноларни таъмирлаш, зарур шарт-шароитлар яратиш ва замонавий жиҳозлар билан таъминлаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишни топширди.
Кейинги манзил Термиз туманидаги “Марварид” дам олиш маскани бўлди. Бу ерда “Voice UP” инклюзив ёшлар оромгоҳи лойиҳасига старт берилди. Тантанали маросимда вилоят ҳокими иштирокчиларни қутлаб, икки кун давом этадиган тадбирда ёшларни фаол бўлишга, янги ғоя ва ташаббуслар ишлаб чиқишга чақирди. Лойиҳа доирасида ёшларнинг турли ташаббуслари тақдим этилди ва улар билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Шунингдек, тазйиқ ва зўравонликка учраган 30 ёшгача бўлган 32 нафар хотин-қиз билан учрашув ташкил этилди. Уларнинг муаммолари тингланиб, ҳар бирига ижтимоий-иқтисодий ва психологик ёрдам кўрсатиш, ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Ташриф доирасида вилоят ҳокими Сариосиё туманида ҳам бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон иштирокида видеоконференцалоқа орқали мамлакатимиз бўйлаб 10 та, жумладан Сурхондарё вилоятида 2 та лойиҳа ишга туширилди. Тадбирда вилоят раҳбари, тожикистонлик инвесторлар ва масъуллар иштирок этди.
Ўрганишлар якунида Қумқўрғон тумани ҳокимлигида видеоконференцалоқа орқали йиғилиш ўтказилди. Унда шаҳар ва туманларда ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ижтимоий соҳа объектлари — мактаб, боғча ва тиббиёт муассасаларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда ҳар бир раҳбар ёшлар билан манзилли ишлашни устувор вазифа сифатида белгилаши зарурлиги таъкидланиб, бу борада тегишли топшириқлар берилди.



