🧅 Музработлик миришкорлар жорий мавсумда ҳам республикада биринчи бўлиб пиёз ҳосилини етиштирди
2026-03-25 20:00:00 / Янгиликлар

Сурхондарёнинг қулай иқлим шароити ва унумдор тупроқларида меҳнат қилаётган миришкор деҳқонларимиз ҳар йили қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини юртимиз бозорларига биринчилардан бўлиб етказиб келмоқда. Жорий йилда ҳам Музработ тумани деҳқонлари аҳолининг асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан бири бўлган пиёз ҳосилини йиғиб олишни бошлади.
Жумладан, "Меҳнатобод" маҳалласида "Бир маҳалла — бир маҳсулот" тамойили асосида пиёз етиштириш тизимли йўлга қўйилган. Айни пайтда пишиб етилган маҳсулотлар ички бозорларга чиқарилиб, экспортга ҳам йўналтирилмоқда.
Маҳаллада жами 855 та хонадон мавжуд бўлиб, уларнинг қарийб 95 фоизи пиёз етиштириш билан шуғулланади. Бу эса сабзавотчилик маҳалла аҳолиси учун барқарор даромад манбаига айланганини кўрсатади.
Тажрибали деҳқонлардан бири Холиқназар Бойматов томонидан 20 сотих ер майдонида пиёз етиштирилди. Жорий мавсумда 30 тоннагача ҳосил олиш режалаштирилган бўлиб, ҳисоб-китобга кўра, 100 миллион сўмгача даромад олиш кутилмоқда.
Айни кунларда маҳаллада пиёз йиғим-терими қизғин паллага кирган. Етиштирилган маҳсулотлар босқичма-босқич ички ва ташқи бозорларга етказиб берилмоқда.






