Ассалому алайкум, мунис ва муҳтарама онахонлар, азиз опа-сингиллар!
2026-03-08 10:00:00 / Янгиликлар

Шу муносабат билан Сиз азизларни, Сизларнинг тимсолингизда юртимизнинг барча мўътабар хотин-қизларини ушбу қутлуғ айём билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Муҳтарама опа-сингиллар!
Юртимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини юксалтириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев таъкидлаганларидек, Янги Ўзбекистон аёли – куч, меҳр ва илҳом тимсолидир. Бугун жамиятимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, ўзининг билим ва салоҳияти, фидокорона меҳнати билан эл-юрт равнақига хизмат қилаётган аёлларимиз давлатимиз ва жамиятимизнинг юксак эътиборида.
Айниқса, 8-март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан бир гуруҳ хотин-қизларимизнинг давлатимизнинг юксак орден ва медаллари, шунингдек “Мўтабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирлангани, яна икки нафар истеъдодли қизимизнинг “Зулфия” номидаги давлат мукофоти совриндори бўлгани Президентимиз томонидан сурхондарёлик хотин-қизларнинг меҳнати, салоҳияти ва изланишларига берилган юксак эътироф сифатида барчамизга алоҳида ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Азиз онахонлар, меҳри дарё аёллар!
Сизларни яна бир бор ушбу гўзал байрам билан самимий қутлаб, хонадонларингиздан файзу барака аримасин, оилаларингиз тинч ва бахтли бўлсин, ҳаётингиз қувонч ва муваффақиятларга бой бўлишини тилайман.
