Улуғбек Қосимов: "Марказий деҳқон бозорларида арзон ва сифатли маҳсулотлар бўлиши билан бирга, сотувчи ва харидорлар учун зарур қулайликлар ҳам яратилган бўлиши шарт!"
2026-03-06 16:00:00 / Янгиликлар

Президентимиз ташаббуси билан муқаддас Рамазон ойи муносабати билан юртимизнинг барча ҳудудларида арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари ташкил этилган. Хусусан, Сурхондарё вилоятининг шаҳар ва туманларида ҳам ана шундай ярмаркалар фаолияти йўлга қўйилган.
Ярмаркалар ҳамда бозорларда нархлар барқарорлиги, шунингдек сотувчи ва харидорлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳолатини ўрганиш мақсадида вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов мутасадди раҳбарлар билан биргаликда Термиз шаҳридаги "Яшил дунё" марказий деҳқон бозори фаолиятини кўздан кечирди.
Ўрганишлар давомида ёмғирли кунлардан сўнг айрим ҳудудларда сув тўпланиб қолгани, баъзи сотувчилар белгиланмаган жойларда, кўчаларда антисанитар ҳолатда савдо қилаётгани, шунингдек бозорда сотувчи ва харидорлар учун етарли шарт-шароитлар яратилмагани танқид қилинди. Шу билан бирга, бозорда рақамлаштириш ишларининг бориши ҳам кўздан кечирилиб, мавжуд имкониятлар синовдан ўтказилди.
Бундан ташқари, ярмаркада айрим маҳсулотлар кўрсатилган нархлардан қиммат сотилаётгани аниқланиб, масъулларнинг фаолияти кескин танқид қилинди.
Вилоят раҳбари ушбу камчиликларни бартараф этиш, нархлар барқарорлигини таъминлаш, маҳсулотлар захирасини кўпайтириш, кунлик эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда савдога чиқариш ҳамда энг муҳими — маҳсулотларни арзон нархларда аҳолига етказиб бериш бўйича тезкор чоралар кўриш юзасидан тегишли топшириқлар берди.
Шунингдек, бозор раҳбариятига ҳудудни қисқа муддатда тартибга келтириш, санитария ҳолатини яхшилаш ва аҳолининг эркин ҳаракатланиши учун қулай шароитлар яратиш вазифаси юклатилди.









