Талаба-ёшлар билан учрашув: Талабалар учун Сурхондарё вилояти ҳокими стипендияси қайта жорий этилади
2026-03-06 15:00:00 / Янгиликлар

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз давлат университетига ташрифи доирасида "Ҳоким ва талаба-ёшлар" учрашувида иштирок этди.
Олий таълим муассасалари талабалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда масъул ташкилот ва муассасалар раҳбарлари иштирокида ўтказилган учрашувда талаба-ёшларнинг таклиф, ташаббус ва мурожаатлари тингланди.
Учрашув давомида билдирилган таклиф ва ташаббуслар асосида Сурхондарё вилояти ҳокимининг олий таълим муассасалари талабалари учун мўлжалланган стипендиясини қайта жорий этиш белгиланди. Масъулларга мазкур стипендияни жорий этиш тартибини белгиловчи низомни ишлаб чиқиш ҳамда зарур молиявий маблағларни ажратиш бўйича вазифалар юклатилди.
Шунингдек, кейинги пайшанба — "Ёшлар куни" доирасида университетнинг журналистика йўналишида таҳсил олаётган талабаларни вилоят ҳокимининг бир кунлик иш фаолияти билан таништириш, улар билан биргаликда ҳудудларга ташрифлар уюштириб, амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан таништириш таклифлари қўллаб-қувватланди.
Бундан ташқари, ютуққа эришаётган талаба-қизларни қўллаб-қувватлаш, юридик йўналишда таҳсил олаётган талабалар учун прокуратура органларида иш жараёнлари билан бевосита танишувлар ташкил этиш ташаббуслари ҳам маъқулланди.
Шу билан бирга, стартап ғояларига эга талабалар ўртасида танловлар ўтказиш, ғолиб деб топилган лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур маблағларни ажратиш масаласи ҳам белгилаб олинди.
Учрашув якунида "Президент стипендияси" соҳиби бўлган талабага сертификат тантанали равишда топширилди.









