Ташрифдаги топшириқлар ижроси: инвестиция, экспорт ва туризм соҳасидаги вазифалар муҳокама қилинди
2026-03-04 18:00:00 / Янгиликлар

Президентимизнинг жорий йил 26–27-феврал кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи доирасида вилоят фаоллари билан ўтказилган йиғилишда белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Бугун вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов раҳбарлигида экспорт салоҳиятини янада ошириш, хусусан, умумий экспорт ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўриб чиқилди. Жумладан, Термиз халқаро савдо маркази орқали амалга оширилаётган экспорт ҳажмини 2026-йилда 600 миллион, 2027-йилда эса 1 миллиард долларга етказиш вазифаси доирасида масъуллар олдига манзилли топшириқлар қўйилди.
Йиғилишда Инвестициялар ва туризм мажмуасига тегишли 22 та топшириқ ижросини таъминлаш, 2026-йилда хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ҳажмини 3 миллиард долларга етказиш, тоғ-кон саноатида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда қурилиш соҳасида замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Масъулларнинг ахборотлари тингланиб, мавжуд имконият ва муаммолар юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Ташриф давомида белгиланган топшириқлар ҳамда йирик инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаш мақсадида ҳар бир йўналиш бўйича масъуллар бириктирилди.








