Музработда турар жойлар, шоличилик кластери ва ишлаб чиқариш корхонаси муаммолари ўрганилди
2026-03-02 18:00:00 / Янгиликлар

Президентимизнинг жорий йил 26-27-феврал кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда янги турар жойлар барпо этиш ва тадбиркорлик лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Хусусан, бугун вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Музработ тумани Янги диёр маҳалласида режалаштирилган турар жойлар, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини қуриш лойиҳаси тақдимоти билан танишди. Лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ ташкилий ва инфратузилмавий масалаларни тезкор ҳал этиш, қурилиш ишларини белгилаб берилган муддатларда бошлаш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Шундан сўнг "Янги шаҳар" МЧЖ томонидан шоличилик кластерини ташкил этиш лойиҳаси муҳокама қилинди. Кластерни қисқа муддатларда йўлга қўйиш, ишлаб чиқариш занжирини тўлиқ шакллантириш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, "Сурхон КСП-Гранд" МЧЖнинг қамиш қириндисидан ДСП маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси фаолиятидаги мавжуд муаммолар ўрганилди. Ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш ва мавжуд тўсиқларни бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Ташриф давомида туман марказига олиб борувчи йўл бўйида амалга оширилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам кўздан кечирилди. Ишлар талаб даражасида эмаслиги танқид қилиниб, ҳудудни обод қилиш, дарахт ва гул кўчатларини экиш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.






