Ҳарбий хизматни муваффақиятли якунлаётган ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
2026-02-18 19:40:00 / Янгиликлар

Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар мамлакатимизда ҳарбий хизмат нуфузини янада ошириш, армия ва халқ бирлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ёшлар қалбида Ватанга садоқат, юрт тақдири учун масъулият ва фахр туйғусини шакллантириш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Шу муносабат билан Сурхондарё вилояти ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Улуғбек Қосимов Денов туманида жойлашган Ҳайрабод гарнизонида ҳарбий хизматни якунлаётган аскарлар билан учрашув ўтказди.
Очиқ ва самимий руҳда кечган мулоқот давомида ёш ҳарбий хизматчиларнинг келгуси режалари, касбий мақсадлари, таълим ва бандлик масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалари тингланди. Вилоят раҳбари томонидан уларга олий ва профессионал таълимни давом эттириш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, жамият ҳаётида фаол иштирок этиш борасида аниқ тавсия ва амалий маслаҳатлар берилди.
Таъкидланганидек, Ватан ҳимоячиси деган юксак ном фақат хизмат даврида эмас, балки бутун умр мобайнида садоқат ва масъулиятни талаб этади. Ҳарбий хизматни шараф билан адо этган ёшлар келгусида юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган фаол, ташаббускор ва ватанпарвар кадрлар бўлиб етишишларига ишонч билдирилди.









